Давлат рўйхатга олиш хизмати ҳужжатларни рақамлаштириш учун ногиронларни хизматга олади

831

Бишкекда Қирғизистондаги илк рақамлаштириш маркази очилиш арафасида, унинг ходимлари имконияти чекланган инсонлар бўлмоқчи.

Давлат рўйхатга олиш хизматининг раҳбари Тайирбек Сарпашев 2017 йили очилувчи рақамлаштириш марказида жисмоний имконияти чекланган шахслар ишлашини 21 октябрда маълум қилди. Унинг айтишича, уларархив ҳужжатларини электрон форматга ўтказиш билан шуғулланишади.

Сарпашев рақамлаштириш маркази учун ускуна қатори идора мингга яқин сканер олиб келтираётганини қўшимча қилди. Идоранинг бир қисм ходимларигина ногиронлардан иборат бўлмоқчи.

“Марказ ходимларининг 30 фоизи жисмоний имконияти чекланган инсонлардан иборат бўлади”, — деди Сарпашев.

Давлат рўйхатга олиш хизматининг котиби Мелис Эржигитов Kloop.kgга рақамлаштириш марказини кейинги йилнинг 1 февралидан бошлаб очиш режалаштирилаётганини билдирди. У 11 миллион ҳужжат рақамлаштирилганини, лекин яна 40 миллиони қолганини билдирди. .

Эржигитовнинг айтишича, ишнинг самарадорлиги жиҳатидан ногиронлар соғ кишилардан қолишмайди.

“Бизда ҳақ тўлаш ишлаган ишга яраша — ким қанча иш қилса, шунча пул олади. Имконияти чекланган инсонлар бир оз ўжар бўлиб, тезроқ ишлаб, соғлом кишиларнинг кўрсатгичларидан ошириб ишлай олишади. Ногирон йигит шунчалик астойдил ишлаганидан, ойига 40 минг сом топган ҳолатлар ҳам бўлган”, — деди у.

Эржигитов рақамлаштириш марказини тузишга ҳамда ходимларни кўпайтиришга эскирган жуда кўп қоғоз ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш эҳтиёжи асосий сабаб бўлганини қўшимча қилди.

“Архивда йил сайин ночорлашиб бораётган муҳим ҳужжатлар кўп. Қоғоз миллионлаган майда қисмларга бўлиниб кетар экан, улар бўлса бизнинг тарих учун жуда муҳим маълумотлар. Электрон форматга тезроқ ўтиш учун биз ушбу марказни туздик, у Давлат рўйхатга олиш хизматигагина эмас, бошқа давлат органларига ҳам, марказларга, кутубхоналарга ҳамда бошқаларга хизмат кўрсатади”, — деди у.

Эржигитов шунингдек ҳужжатларни рақамлаштириш 2015 йилнинг декабридан бошланганини, унда Давлат рўйхатга олиш хизматига жисмоний имконияти чекланган 50 киши ишга жалб қилинганини айтиб берди. Жами бўлиб рақамлаштириш йўналишида 500 киши ишлайди.

Муаллиф: Александра Титова