Максим Бакиевнинг манфаатини ҳимоя қилган “Хикман энд Роуз” юридик ширкатининг билдиришича, Қирғизистон уларнинг ҳимоясида бўлган шахсга қарши фуқаровий даво аризасини чақиртириб олган. Қирғизистон уни икки жамғармадан маблағ ўғирлашда аблаган.
Даво аризасини чақиртириб олиш бўйича “Хикман энд Роуз” юридик компаниясининг билдирувидан маълум бўлди. Компания Қирғизистондан қувилган президентнинг ўғли Максим Бакиев манфаатларини ҳимоя қилади.
Компаниянинг ёзишича, айнан қайси давлат органлари тўғрисида гап бораётганлиги очиқланмай, даво аризаси “Қирғиз Республикасининг икки идорасидан” чақиртириб олинган. «Хикман энд Роуз» Максим Бакиевнинг сўзларидан иқтибос келтириб ёзади. Унда у Буюк Британияга 2010 йили “отасининг ҳокимиятига қарши харбий қўзғалон” бўлгандан кейин келгани айтилади.
“Шундан бери мен Қирғизистоннинг янги ҳукумати томонидан сиёсий вендетта (қасос)нинг қурбони бўлиб келмоқдаман”, — дейди Максим Бакиев.
Қирғизистон ҳукумати Максим Бакиевни Тараққиёт фондидан ҳамда Социал фонддан маблағ ўғирлаганликда айблаган.
“Унга товламачилик бўйича фуқаролиқ даво аризаси юкланган, унга кўра Бакиев Қирғизистоннинг икки давлат фондидан умумий ҳисобда камида 20 миллион фунт миқдоридаги маблағни ўмарганликда айбланган”, — деб ёзади юридик ширкат.
Юристларнинг маълумотига кўра, даво аризаси Бакиев соддалаштирилган суд ишларини ўтказиш бўйича илтимос хатини топширишга тайёр эканини билдиргандан кейин чақиртирилиб олинган. Унда ишни тарафлардан бирининг фойдасига тўлақонли суд терговисиз ҳал қилиб қўйиш мумкин.
«Прецедент» юридик фирмасининг раҳбари Фатима Якупбаеванинг Kloop.kgга айтишича, Максим Бакиев юристларининг баёноти очиқ-ойдин эмас, Қирғизистон тарафидан даво аризасини чақиртириб олинишига нима сабаб бўлгани аниқ эмас.
Максим Бакиев тарафидан илтимос хатининг юборилишини Якупбаева “процессуал шантаж” деб атади.
“Агарда Қирғизистон соддалаштирилган суд ишларини олиб бориш бўйича илтимос боис даво аризасини чақиртириб олган бўлса, демак у ҳолда Бакиевни оқловчи “шубҳасиз далиллари” бор эканини билдиради. Қайси фактлар ҳақида сўз бораётганини билиш жуда қизиқтирмоқда, чунки юридик компаниянинг баённомасида бу мавҳум”, — деди Якупбаева.
Қирғиз ҳукуматининг бу қарорга нисбатан муносабати ҳозирча номаълум.
Бош прокурор Индира Жолдубаева жорий йилнинг 12 апрелида маълум қилганидек, Қирғизистон Максим Бакиевга қарши даво аризасини берган, аммо ариза беришга нима асос бўлганини у аниқламаган.
Максим Бакиевнинг иши
Максим Бакиев — 2010 йили Ҳокимиятдан қувилган президент Қурманбек Бакиевнинг ўғли. У Қирғизистон манфаатларига зид ҳолда давлат харидларини ўтказганликда ҳамда коррупцияда айбланган.
У Қирғизистондан 2010 йилдаги Апрель революциясидан кейин чиқиб кетган. Революция давомида унинг отаси Курманбек Бакиев президентликдан туширилган.
Биринчи май район суди 2013 йили қарор чиқариб, унга кўра, Максим Бакиевнинг мол-мулки мусодара қилиниб, 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Унга Интерпол орқали 2010 йилнинг майида халқаро қидирув эълон қилинган. Хокимиятдан қувилган президентнинг ўғли Буюк Британиядан сиёсий бошпана олиб, унга вақтинчалик мазкур давлат ҳудудида туриш рухсати берилган.
Икки йилдан кейин Лондон полицияси АҚШнинг талаби билан Максим Бакиевни қўлга олган. Лондон арбитраж суди унинг Қўшма Штатлардаги молиявий фирибгарлик бўйича ишини кўрган.
Ҳозирда Максим Бакиев Буюк Британияда яшайди.
Муаллифлар: Эльдияр Арикбаев, Анна Лелик