Бишкекнинг марказий кўчаларидан реклама-эълонлар 2016 йилнинг охирига қадар олинади

1296

Чуй ҳамда Айтматов шоҳкўчаларидаги, Жибек-Жолу, Абдрахманов, Байтик Баатир кўчаларидаги билбордлар олинади — мэрия Мустақиллик куни олдидан баннерларни демонтажини олиб бормоқда.

Бишкек мэрияси 2016 йилнинг охиригача марказий кўчалардаги 200 реклама-эълонларни олиб ташлайди.

Абдрахманов, Байтик Баатир ҳамда Жибек-Жолу кўчаларидаги ва Чуй проспекти бўйлаб баннерлар олинади. Ҳозирда Айтматов (Манас) проспектидаги билбордлар демонтаж қилинмоқда.

Бу тадбирлар МДҲ давлат раҳбарларининг мажлиси ҳамда Қирғизистон Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан амалга оширилмоқда.

“Демонтажнинг асосий мақсади — пойтахт шаҳарнинг кўринишини яхшилаш”, — деб билдиришди мэриянинг матбуот хизматидан.

Матбуот хизматининг айтишича, реклама берувчиларга жойлаштириш учун шаҳар четидан ўрин ажратилади.

Бишкек мэрияси байрамларнинг ўтиши билан реклама–эълонлар қайта йўл бўйига илинмаслигини ваъда қилди.

“Континент Плюс” реклама агентлигининг етакчиси Наталья Давиденконинг айтишича, шаҳарни аста-секинлик билан ўзгартириш керак. Бироқ мэриянинг билбордларни демонтажлаш харакати “бизнесга таъсирини кўрсатади”.

Мэрия реклама агентликларига баннерлар учун янги ўринлар берилишини ваъда қилганини қўшимча қилади ширкат вакили.

“Янги конструкция, янги концепция ишлаб чиқилади, шу сабабдан  “Белинка”дан ҳам ўринлар таклиф қилинишини вице-мэр ваъда қилган. Учрашув июлнинг бошида ўтган.  Ўшанда вице-мэр икки ҳафта ичида Бош архитектура-режалаштириш бошқармаси, бош суратчи билан биргаликда бунга тегишли ишларнинг барини тайёрлашга топширма берган. Бироқ шу кунга қадар учрашув бўлмади”, — деди Давиденко.

Бишкекни билбордлардан тозалаш ғояси янги эмас. Бунгача депутат Дастан Бекешев шаҳардаги баннерларни демонтажлаш қонунини таклиф қилган.

У бунга сабаб билбордлар шаҳар кўркини бузиб, ортидаги бинони кўришга тўсқинлик қилади ҳамда ҳайдовчиларни чалғитади деб изоҳлаган.

Депутат биргина шаҳар мэриясига тегишли баннерларни қолдириб, Бишкекдаги қолган барча рекламаларни олиб ташлашни таклиф қилган.

Муаллиф: Алтинай Козубекова

Сурат: Sputnik.kg