"Ангела Меркель хоним": Бишкек кўчаларида Германия канцлерининг сурати туширилган баннерлар пайдо бўлди

941

Германия канцлери Ангела Меркел ташрифи шарафига Бишкек кўчаларига 12 июлда унинг суратлари туширилган баннерлар пайдо бўлди. Немис ҳукумати раҳбарининг ташрифи 13 июлга белгиланган.

Шаҳарнинг марказий кўчаларида  Ангела Меркелнинг суратлари жойлаштирилган баннерлар жойлаштирилди. Германия канцлерининг суратлари “Биз сизни кўришдан  хурсандмиз” (“Мы вам рады”), “Хуш келибсиз Ангела Меркель хоним” деган ёзувлар билан безатилган.

Муниципал ҳусусий бошқарманинг мутахассиси  Кумар Асанбековнинг айтишича, баннерлар президент Алмазбек Атамбаевнинг буйруғи билан жойлаштирила бошлаган.

“Баннерлар бугундан бошлаб ижтимоий –ахборот эълони сифатида жойлаштирилмоқда. Бундай баннерларни Манас шоҳкўчасида, Абдрахманов, Алма-Ата кўчаларида, Ибраимов, Карл Маркс ҳамда Горький кўчаларидаги кўприкларда кўриш мумкин бўлади” , — деди у.

Сиёсатшунос Табилди Акеров Kloop.kgга баннерлар жўн дизайини ҳамда “Сиз кўришдан хурсандмиз” ёки “Хуш келибсиз” каби ёзувлари билан “Советлар Союзи даврини ёдга солганини” айтди.

“Ангела Меркель — йирик ва таъсирли давлатлардан бирининг лидери ҳамда албатта Қирғизистон учун унинг ташрифи муҳим, чунки у Ғарб эътиборини жалб қилиб, Европа билан алоқаларни яхшилаши мумкин. Бироқ ёзувларни яхшилаб ўйланиш керак эди, қирғиз, рус ва инглиз тилларида ёзилиши лозим эди. У ердаги ёзувлар ҳам СССР замонидаги шиорларга ўхшаш экан”, — деди у.

Дизайнер Дмитрий Бондарев ўзининг “Фейсбук” саҳифасида баннердаги шрифтни танқид қилди.

“Йирик харфлар билан бундай шрифтда ким ёзади?”, — дея, у ўртага савол ташлаган .

“Фейсбук” фойдаланувчиси Максат Идирисов баннердаги ёзувларнинг иккигина тилда ёзилганига норозилик билдирган.

“[…] Менимча, у ерда немисча ёзилмаган. Агар унга мурожаат қилаётган бўлсанглар, у ҳолда унинг тилида ёзилиши керак эди” , — деб ҳисоблайди Идирисов.

Баннерлар Бишкекнинг бош кўчалари ва проспектларида Ангела Меркел  Қирғизистондан қайтиб кетгунча осилиб туради.

Муаллиф: Александра Титова

Сурат: Спутник