Фирибгарликда айбланиб АҚШнинг Алабама қамоқхонасида жазо ўтаётган, тахтдан ағдарилган президент Бакиевнинг ҳамкори Евгений Гуревич, Бакиев оиласининг коррупцион схемалари тўғрисида китоб ёзмоқда. Бу ҳақида Американинг Bloomberg нашри ҳабар қилди.
Американинг Bloomberg News нашри мухбири Кристи Смайтнинг ёзишича, собиқ қирғиз президенти Бакиев оиласига яқин бўлган Евгений Гуревич кунни қамоқхона кутубхонасида ўтказмоқда.
Нашриёт маълумотига кўра, у коррупцион схемалар ва Бакиев оиласи томонидан давлат бюджетининг ўғирланиши тўғрисида айтиб берувчи “Теневой консультант” (Яширин маслаҳатчи) китобини ёзмоқда.
Bloomberg мухбири билан суҳбатда Гуревич Қирғизистондаги “кенг тарқалган талончилик” ва “корпоратив порахўрликка” шерик ва гувоҳ бўлганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, Қирғизистонда ишлаш ҳуқуқига эга бўлмоқчи бўлган компаниялар доимий тарзда Қурмонбек Бакиевнинг ўғли Максим Бакиевга катта миқдорда пул берган.
У нашриётга Максим Бакиев унга қўнғироқ қилиб компания идорасидан 2 млн доллар миқдоридаги пора солинган пакетни олиб келишни сўрагани тўғрисидаги воқеалардан бирини айтиб берган.
“Мен ўз ишларим билан идорага кетаяпман, йўлимда бўлгани учун Максим мендан йўлда 2 млн доллар порани олволишимни сўради”,— дейди у.
Bloomberg Newsнинг ёзишича, Гуревич ўзининг китоби сабабли ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетилган активлар Қирғизистонга қайтарилишидан умид қилади ва унинг ёрдами баҳоланишини хоҳлайди.
Ҳозирча Гуревичнинг китоби қачон нашр қилиниши маълум эмас.
Тахтдан ағдарилган президент Бакиевнинг яқини Евгений Гуревич АҚШнинг Алабама қамоқҳонасида беш йиллик жазо муддатини ўтамоқда. Суд унинг 2012 йили фирибгарликда айблаган. Гуревич уларни “Фейсбук” компаниясига қўйишни ваъда қилиб Максим Бакиевнинг пулларини ўғирлагани ҳабар қилинган.
У шунингдек Италия ҳукумати томонидан Италиянинг “Телеком Италия” ва “Фаствеб” компанияларидан 2,7 миллиард долларини “олиб чиқиб кетишда” айбланган.
Евгений Гуревич 2008 йили Нью-Йоркда халқаро бизнес-консультант бўлиб ишлаб юриб, Максим Бакиев билан бирга қирғиз инвестиция банкига асос солган.
2010 йил апрел инқилобидан сўнг Гуревич ва Бакиев давлат бюджетини ўғирлашда айбланган. Максим Бакиев ўзининг шахсий самолётида Гуревичга Белоруссияга учиб кетишга рухсат берган.
Максим Бакиевнинг ўзини Биринчи май суди пул ювиш ва товламачиликда айбдор деб топган. 2016 йил апрелида унинг 30 йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилишган.
Тахтдан ағдарилган президентнинг ўғли 2007 йили “БиМоКом” компаниясини рейдерлик йўли билан босиб олгани билан танилган, икки йил ўтиб Қирғизистон тараққиёт Фонди устидан назоратни қўлига олган ҳамда у орқали ўз назоратидаги банкларга пул қўйган. У шунингдек Лондон суди томонидан тадбиркор Шон Дейлни ўлириш учун ўғирлаб кетганликда айбланмоқда.
Муаллиф: Айдана Канатбек
Сурат: Reuters