Қирғизистон куйдурги касали сабабли Қозоғистон билан чегара назоратини кучайтирди

1542

Куйдурги касали пайдо бўлгани сабабли Қирғизистонга Қозоғистондан олиб келинаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг назорати кучайтирилди. Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда бу касалликка чалинишнинг 7 ҳолати рўйҳатга олинган.

27 июнь куни Ветеринар ва санитар хавфсизлик бўйича давлат инспекцияси Қирғизистонга Қозоғистон ҳудудидан олиб кирилувчи озиқ-овқат махсулотлари назоратини кучайтирди.

Текширувларнинг кучайтирилишига Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида куйдурги касалининг пайдо бўлгани сабаб бўлди.

Давлат ветеринария назорати матбуот-котиби  Уланбек Итикеевнинг Kloop.kgга айтишича,  инспекция ҳозирда барча махсулотларнинг олиб кирилишига чеклов киритиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Давлат инспекциясининг раиси Қалисбек Жумакановнинг 26 июнь куни маълум қилишича, қирғиз томони қозоқ томони ва Евроосиё иқтисодий комиссиясидан тегишли чораларни кўришини сўраб огоҳлантириш юборган.

Қозоғистонда маҳсулотларнинг куйдирги касалига чалингани 18 июн куни, Қорағанда вилоятида саккиз кишини касалхонага мурожаат қилганидан сўнг рўйҳатга олинган.

Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотига кўра, Қорағанда вилояти Еркиндик қишлоғи яшовчиси ветеринар текширувисиз мол сўйган ва куйдирги касали билан заҳарланган гўштни қишлоқнинг 11 яшовчисига сотган.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги матбуот-хизмати Kloop.kg мактубига жавоб тариқасида, мамлакатда жами бўлиб саккиз киши заҳарлангани, улардан иккиси вафот этганини билдирган.

Қозоғистон захарланиш сабабли фавқулотда ҳолат режимини киритди ва карантин эълон қилди. Эпицентрдан  50 километр радиусда ҳозирда автотранспорт шунингдек хайвон гўштидан тайёрланган махсулотлар олиб ўтилишига чеклов киритилган. Бундан ташқари қишлоққа олиб борувчи барча йўллар беркитилган.

Соғлиқни сақлаш министри Талантбек Батиралиев сўзларига кўра, Қирғизистонда куйдирги касали ҳолатлари аниқланмаган.

“Республикада биронта ҳам куйдирги касалига чалиниш ҳолатлари йўқ. Кимдир айтайлаб фуқаролар орасида ваҳима уйғотмоқда, балки бу Қозоғистонда пайдо бўлган воқеа сабабли қилинаётгандир”, — дейди у K-News агентлигига берган интервьюда.

Аввал номаълум шахслар WhatsApp мессенджери орқали Қирғизистонда куйдирги касали пайдо бўлгани айтилган овозли мактуб юборишган.

Куйдирги касали — Халқаро тиббий-санитар талаблар бўйича ўта хавфли инфекциялар рўйҳатига кирувчи инсон ва хайвоннинг юқумли касаллигидир.

Куйдирги касаллиги агарда касаллик формаси ўпка ёки ичакдан бўлса фожеали оқибатларга олиб келиши мумкин. Агарда тери жароҳатланса, ўз вақтида даволаниш билан тўла соғайиш мумкин бўлади.

Қирғизистонда бу касаллик билан заҳарланиш ҳолати сўнгги марта 2016 йилнинг мартида  Ўш вилояти Олой туманида юз берган. Тўрт нафар маҳаллий аҳоли ўлган мол  гўштини истеъмол қилган ва натижада куйдирги касалига чалинган. Касалхонага ётқизилгач тўрталаси ҳам даволанган.

Муаллиф: Айсулуу Бердалиева