“Чегара билмас мухбирлар”  журналистларни ҳибс қилгани учун Қозоғистон ҳукуматини қоралади

783

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти Қозоғистонда ер сотилишига қарши митингларни ёритган журналистларнинг қўлга олинишини қоралади.

Қозоғистонда 21 май куни “ер намойишлари” чоғида журналистларнинг қўлга олиниши матбуот эркинлиги учун курашувчи  “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти томонидан салбий реакцияга сабаб бўлди.

Ташкилот ўзининг расмий баёнотида қўлга олишларни “қатағон”, деб атаб қозоқ ҳукумати ҳаракатларини қоралади.

“Чегара билмас мухбирлар (RSF) Қозоғистонда 21 май куни ҳукуматнинг аграр ислоҳотлари янги қонунларига қарши норозилик сабабли журналистларни қўлга олиш ҳаракатларини қоралайди. Қўлга олишлар мамлакатнинг барча ҳудудларида амалга оширилган.  Бу эса, ички ишлар министри буни рад этишига қарамай, келишилган ҳолда амалга оширилганини англатади”, — деб ёзади ташкилот.

“Чегара билмас мухбирлар” нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича вакили Иоганна Бира фикрича, журналистлар қўлга олинишини ҳукумат томонидан “қўрқитиш” сифатида баҳолаш мумкин.

“Репрессив машина Қозоғистонда ўз ҳаракатини яна бошлади. Бу фуқаролар томонидан норозиликнинг ўсишидан қўрқаётган ҳукумат томонидан қилинган қўрқитиш актидир”, — дейди у.

Қозоғистон ИИМ маъмурий полиция қўмитаси раиси Игорь Лепеха, ҳуқуқ тартибот органлари журналистларни “беъихтиёр” қўлга олган, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, қўлга олиш — сўз эркинлигини чеклаш эмас, “тушунмовчиликдир”.

“Ҳа, афсуски уларнинг (қўлга олинганларнинг) орасида журналистлар ҳам бўлган, лекин мен аминманки бу атайин қилинмаган.  Фақат тушунмовчилик бўлган. Келажакда биз ходимларимиз харакатини анализ қилиб чиқамиз ва бошқа бундай можаролар бўлмаслиги учун чораларни кўрамиз”, — деб маълум қилди у 23 май куни Остона ўтган брифингда.

Аввалроқ “Чегара билмас мухбирлар” Қозоғистонга матбуот эркинлиги даражаси бўйича мамлакатлар рейтингида 160-ўринни берган эди. Ташкилот, мамлакатда юқори цензура даражаси бор, ҳукумат эса муҳолиф нашрлари чиқишини тақиқлаб, комуникация каналларини назорат қилади деб ҳисоблайди.

Журналистларнинг қўлга олиниши

Қозоғистон полицияси 21 май куни Қозоғистоннинг бир неча шаҳарларида Ер кодексидаги ўзгаришларга қарши митинг ва норозилик намойишлари олдини олиш учун фуқаролик жамияти фаолларини қўлга олиган.

Полиция митинг иштирокчиларидан ташқари воқеани ёритиш учун воқеа жойида бўлган журналистларни ҳам қўлга олган. Ҳусусан, “Vlast.kz” аналитик портали директори, “Интерфакс-Қозоғистон”, “Новости-Казахстан”, ИТАР-ТАСС, “Новая газета — Казахстан” ва Reuters агентликлари мухбирлари қўлга олинган.

Adilsoz сўз эркинлигини ҳимоя қилиш фонди маълумотига асосан, Қозоғистон ҳуқуқ тартибот органлари жами 55 журналистни қўлга олган.

Муаллифлар: Айжамал Мураталиева, Александра Титова

Сурат: Today.kz