Бишкек: болалар боғчаси ўрнида қандай қилиб кўп қаватли уйлар қурилган

936

Бишкекнинг 8-кичик районида батафсил қурилиш режаларига қарамай болалар боғчаси ўрнида икки кўп қаватли уй ва бир кафе пайдо бўлди.

Суеркулова кўчасидаги болалар боғчасининг қурилиши 1993 йили деярли якунланган эди. Бишкекнинг 8-кичик райони қарияларнинг ҳотирлашича, болалар муассасасининг фақат кўкаламзорлаштириш ишлари қолган эди ва у тайёр бўлган.

“Болалар боғчаси қурмоқчи бўлишди ва қуришди. Деворларини кўтариб, томини ёпишди. Барчамиз бунга гувоҳмиз. Фақат озроқ камчиликлари қолганди. Лекин [бу жойда] болалар боғчаси бўлиши керак эди”, — дейди, маҳаллий турғун Лидия Колесникова.

1993 йили деярли қуриб бўлинган болалар боғчаси “Ак-Тилек” корхонаси томонидан хусусийлаштирилган.

Актга мувофиқ қурилиш ишлари тўла битмагунига ва болалар боғчаси биноси эксплуатацияга берилмагунига қадар бошқа ташкилотларга берилмаслиги керак эди.

Лекин бир йилдан сўнг ҳудуд “140 ўринли болалар боғчаси биноси” сифатида “Курс” корхонасига сотилган. 1996 йили эса бино қайта сотилиш чоғида давлат рўйҳатга олиш ҳужжатларида “битмаган маъмурий корпус” дея ўзгартирилган.

“Наше право” жамоатчилик фонди юристи Болот Омуралиевга кўра, объект профили давлат рўйҳатга олиш хизмати ходимлари томонидан лавозимини суистеъмол қилиш натижасида ўзгартирилган бўлиши мумкин.

Объект профилини ўзгартириш навбатдаги мулк эгасига 2011 йили болалар боғчаси биносини бузиш имконини берган.

2015 йилдан ер участкасида “Аль-Манар”МЧХЖ томонидан қурилган кафе ва икки кўп қаватли уй пайдо бўлди. Суд ишларининг бошланиши билан 2015 йилнинг августида компания ёпилган.

Kloop.kg нашри “Аль-Манар” вакиллари билан боғланишга уринди лекин, мақола чиқиш жараёнида улардан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

“Наше право” жамоатчилик фонди раиси Калича Умуралиеванинг айтишича, прокуратура Давлат рўйҳатга олиш хизмати объект эксплуатацияга берилмаслиги кераклиги тўғрисида огоҳлантирган.

“Бироқ улар огоҳлантиришга қарамай [эксплуатацияга] беришди.  Ва ҳозир у ерда одамлар яшаяпти. Нима қилиш керак? Биринчидан — бу, прокурорлар актини бажармаётган амалдорларни жазолаш зарур”, — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, қурилиш компанияси объектлар норма бузилган ҳолда эксплуатацияга берилгани учун ёқотилган маблағни қоплаши керак.

“Улар болалар боғчаси қуришга давлат ғазнасига пул киритишсин”, — дейди  Умуралиева.

Юрист Майрамбек Джумакалиевнинг айтишича,  1990-йиллар бошларида кўплаб болалар боғчалари ҳусусийлаштирилган. Бироқ 1992 ва 1995-йиллар президент буйруғи билан шартлар кўтарилган— бундай муассасалар профилини ўзгартирмаслик. Акс ҳолда объект давлатга қайтарилган.

Беш болалар боғчасидан иккиси ишлаяпти

Суеркулова кўчасидаги болалар боғчаси — Бишкекнинг 8-кичик районида қурилиши керак бўлган беш болалар боғчасидан бири бўлган.

Бироқ амалда ҳозир улардан фақат иккиси ишлаяпти —№142-муниципал болалар боғчаси ва “Келечек” ҳусусий таълим маркази.

Яна бир объектни Бишкек мэрияси “Светлий путь” хайрия жамғармасига берган. Унда етим болаларучун бошпана ташкил қилинган.

Батафсил режалаштириш ҳаритаси бўйича тўртинчи объект қурилмаган. Бироқ 2009 йили бу участкани кўп қаватли уй қуриш учун олиш ҳаракати бўлган.

Уй-жой мулкдорлари (УЖМ) раиси  Автандил Жоробеков участкани кўп қаватли уй қурилишидан ҳимоя қилган.

“Ўн икки қаватли уй қурмоқчи бўлишди.  Бу ерда турган умумий трансформаторимизни эса уй ичкарисига кўчирмоқчи бўлишди. Уларда шаҳар сув, газ бошқармаси, сесмик институтлар ва давлат рўйҳатга олиш хизматидан руҳсатномаси йўқ эди”, — деб эслайди у.

Kloop.kg мухбирлари маҳаллий аҳоли орасида бугунги кунда болани боғчага жойлаш қанчалик қийинлиги тўғрисида сўров ўтказди.

Лариса Булатецкая кун бўйи ўзининг икки набирасини қарайди. Унга кўра, улар яқин орада йўқлиги сабабли боғчага боришмайди.

“Негаки борадиган жой йўқ. Барча боғчаларни “разбамбахали”. Бузиб ташлашган, олиб кетишган, қандайдир бўлмағур нарсаларни қуришган”, — деб ҳасрат қилади у.

Бишкеклик Айжан Табалдиева боғчага болаларни навбатдан жойлашнинг имкони йўқлигидан арзланади.

“Эҳтимол биз боламизни хусусий боғчага беришга мажбур бўлармиз”, — дейди у.

Муаллиф: Булат Сатаркулов