“Азаттык”: Ўш шаҳар кенгашига сайлов олдидан ўз партиясини алмаштирганлар кўпаймоқда

879

 

Ўш шаҳар кенгашига депутатлик учун отланган партияларнинг рўйхатида бир партиядан бошқасига ўтган  талабгорлар кўп.

Ўш шаҳар кенгашидаги 45 ўринга 13 партиядан мингга яқин талабгор бор. Уларнинг орасида аввалги сайловларда бошқа партия номидан чиққан талабгорлар сони ҳам анчагина. Уларнинг қаторида Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзақматовнинг “Улуттар Биримдиги” партиясидан тарқаганлар кўпчиликни ташкил қилади.

“Уларнинг кўпчилиги депутатлик ўрни учун эмас, мойлироқ амалга эга бўлиб қолиш умидида сайловга қатнашишмоқда. Ҳозир сиёсий-иқтисодий ҳамда хўжалик масалаларининг барини ҳукумат партияси хал қиладиган бўлиб қолган. Шу сабаб, ҳукуматга т егишли партияга яқинлашишнинг бирдан бир йўли шу сайлов бўлиб турибди. Бошқа партиядан ўтганлар сайловдаги ҳизматлари кўзга кўриниб, бирор хизмат лавозимини эгаллаб қолишга ҳаракат қилишмоқда. Бу каби талабкорлар ўз партияси лидерининг обрўсини сақлаб қолиш борасида бош қотиришмайди. Партиядан партияга “бол излаган ари” каби қўниб юришаверади.”  деб, ҳисоблайди маҳаллий эксперт Эркин Абдразаков.

Рўйҳатининг аксарият қисмини ҳар турли партияларнинг аъзолари эгаллаганини ҚСДПартияси ҳам инкор этмайди. Социал-демократлар партиясининг Ўш шаҳридаги штаб етакчиси Жапар Ормонов буни партияларнинг мустаҳкалашиш ва кенгайиш йўлидан бораётгани билан изоҳлайди.

"Бизга бошқа партиялардан талабгорлар келгани рост. Масалан, бизнинг рўйхатда биргина давлат идораларининг ходимларигина эмас, турли тармоқлардан бор. Албатта, бизга “Улуттар биримди”дан, “Республика”, “Адилеттүү Кыргызстан” ва бошқа кўплаган партиядан келишди. Улар ўз партияларидан чиқиб, партия билетини топшириб, бизга ариза ёзиб киришди. Энди бу жараённи ғарб ўлкаларидаги сиёсий ташкилотлар ва уюшмаларнинг ўзаро қўшилиб йириклашиш амалиётига қиёсласак бўлади.", дейди у.

1234

Шаҳар кенгашига номзод партияларнинг таркибига бу сафар бир қанча ёш талабгорлар жалб қилингани сезилмоқда. Бироқ, кўчаларга илинган реклама суратларидаги янги талабгорларни  аксариятининг юзини ўшликлар биринчи бор кўришмоқда.

​​ “Сайловга номзодини қўйганларнинг биортаси ҳам эл билан маслаҳатлашмади. Талабгорларнинг кўпчилигини танимаймиз. Қайси ерда ишлаган, қандай муваффақиятларга эришган, билмаймиз. Ўзларидан ўзлари номзод бўлиб олишибди. Мен шундай ишга йўл олдим, мени мана бундай режаларим бор, деб номзодликдан олдин ҳалқ билан учрашиши керак эди. Кимга, нимага овоз беришимизни билмаймиз.”, - дейди ўшлик Эргеш Акматов.

Шаҳар кенгашига сайлов учун “Бир Бол” партияси ўз рўйхатига спортчи Замир Сиргабаевнинг, қидирувда бўлган, сўнг ўлдирилган Алманбет Анапияевнинг, милиция полковниги Толкунбек Шоноевнинг қариндошларини киргизган.  “Кыргызстан” банкининг кўплаган ходимлари  «Республика Ата-Журт» партияси тизмасидан жой олишган. ҚСДП эса ўз рўйхатига асосан шаҳар кенгашининг аввалги депутатлари, шаҳар олий ўқув юртларининг ходимлари ва муниципиал идоралар раҳбарлари киргизилган.

Ўш шаҳар кенгашининг депутатлигига сайлов 27-мартга белгиланган. Шаҳардаги 100 мингдан ошиқ сайловчи 73 сайлов участкасида ўз овозларини беришади. Овозларнинг 7% ни олган партия сайланган ҳисобланади.