МХДҚ етакчиси Камчибек Ташиев Қирғизистон-Тожикистон чегараси масаласи тўлиқ ҳал этилганини маълум қилди.
Унга кўра, икки давлат ўртасида чегара линиясини келишиб бўлинган ва ҳозирда картографик ишлар бошланган.
«Кеча маъқуллашиш ишларини якунладик. Бугун Қирғизистон делегацияси Тожикистонга йўл олди ва қўшни давлат билан картография ишларини бошлайди. Худо хоҳласа, январь ойи ўртаси ёки охирида чегара делимитациясига доир ҳужжатни парламентга олиб келамиз. Ҳаммаси шаффоф бўлади. Ҳар бир қишлоқ ва участка бўйича ҳисобот беришга тайёрман», — деди Ташиев.
Шунингдек, у чегара масаласи «Дўстлик шартномаси»га мувофиқ ҳал этилганини таъкидлади:
«Масала ҳал бўлгандан кейин "кимдир ютди" ёки "ютқазди" деган сўзлар бўлмаслиги керак. Ҳаммаси тинчлик йўли билан келишилди», — дея қўшимча қилди у.
4 декабрь куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси делегация раҳбарлари чегаранинг қолган қисмининг тасвирлаш ишларини якунлаганини маълум қилди.
Июль ойи охирида Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегарасининг 94% тасвирлангани ҳақида хабар берилган эди. Вазирлар Маҳкамасининг чегара масалалари бўйича махсус вакили Назирбек Борубоевнинг сўзларига кўра, қолган 6% Баткен туманидаги "мураккаб" участкалардан иборат.
Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасининг умумий узунлиги 972 километрни ташкил қилади. Белгиланмаган чегаралар туфайли Баткен вилоятида вақти-вақти билан низолар юз беради. Энг йирик можаро 2022 йил 14-17 сентябрь кунлари содир бўлган, унда ҳар икки томондан 100 дан ортиқ инсон қурбон бўлган эди.