«Апрель»: Киноижодкорлар «Қирғизфильм»нинг эски киностудиясини бузишга қарши чиқди

9

«Қирғизфильм» ходимлари тарихи бор киностудия биноларини маданият ходимлари учун давлат ипотека уйларини қуриш мақсадида бериш ташаббусига қарши чиқмоқда. «Апрель» таҳририятининг журналистлари улар билан суҳбатлашишди.

Киноижодчилик кафедраси мудири Бекболот Айдаралиевнинг сўзларига кўра, давлат 1000 квадрат метрли янги павильон қуришни ваъда қилмоқда. Аммо киноижодкорлар бундан сўнг қирғиз киносаноати «йўқолган» деб ҳисоблаш мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Режиссёр Каридин Ақматалиевнинг айтишича, ҳозирги эски киностудияда кино ва телевидение кафедралари жойлашган. Шунингдек, у ерда павильон, монтажхона, реквизит ва костюм бўлимлари мавжуд.

«Бундай тарихий, жаҳонга машҳур марказга эга бўлиб, бизнинг бадиий санъатимиз тарихига бағишланган ёдгорлик мажмуасини қурмаслик керакми?» — деб эътироз билдирди Ақматалиев.

Киноижодкор Ракия Шаршенова эса ушбу бинони Муратбек Рискулов, Бакен Қидикеева, Бюбюсара Бейшеналиева, Суймонқул Чокморов ва Таттибубу Турсунбоев каби машҳур шахслар зиёрат қилганини эслатди.

Бундан ташқари, «Қирғизфильм»га италян режиссёри Микеланджело Антониони ҳам Чингиз Айтматов билан бирга ташриф буюрганини киноижодкор Замир Эралиев қўшимча қилди.

«Энг қўрқинчлиси, ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти. Ҳаммаси бизнинг ортимизда олиб борилмоқда. Биз бу ҳақда учинчи ёки ўнинчи қўллар орқали эшитяпмиз», — деди Ақматалиев.

«Клооп» масала юзасидан Давлат кинематография қўмитасидан изоҳ сўради, аммо ҳозирча қўмита киноижодкорларнинг баёнотларига изоҳ бермаган.

«Қирғизфильм»нинг эски киностудияси Жибек-Жолу кўчасида жойлашган бўлиб, унинг майдони 1,8 гектарни ташкил этади.

«Қирғизфильм» эски киностудиясидан маҳрум бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабар июнь ойида маълум бўлган эди. Ўшанда режиссёр Замир Эралиев студияни ривожлантириб, келажакда уни қирғиз киносаноати тарихи музейига айлантириш мумкинлигини айтган эди.