Самат Матцаков ўзининг ҳибсга олинишини адвокатлик фаолияти билан боғлади

64

Адвокат Самат Матцаков журналистларга маълум қилишича, унга нисбатан фирибгарлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Бироқ, у ўзининг ҳибсга олинишини касбий фаолияти билан боғламоқда. Матцаковнинг таъкидлашича, терговчилар унинг уйида тинтув ўтказгандан сўнг, тадбиркор Имамиддин Тошов ишига оид тўртта дискни олиб кетишган.

«Бу менинг адвокатлик фаолиятим билан боғлиқ. Улар фирибгарлик моддаси бўйича иш қўзғатишган. Аммо Имамиддин Тошов иши бўйича диктофон ва дискларни олиб кетишди», — дея унинг сўзларини келтирган «Азаттиқ» радиоси.

Аввалроқ ҳуқуқ ҳимоячилари Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари адвокат Самат Матцаковни ҳибсга олгани ҳақида хабар беришган эди.

МХДҚ Матцаковнинг ҳибсга олиниши бўйича ҳозирча изоҳ бермаган.

Матцаков KG Group соҳиби Имамиддин Тошовнинг адвокати ҳисобланади. Тошов аввалроқ СИЗОда қийноққа солингани ҳақида баёнот берган эди. Шунингдек, Матцаков журналист Актилек Қапаров ва шоир Асқат Жетигенни ҳимоя қилмоқда.