Айсулу Тинибекова 2028 Олимпиадасида иштирок этишни режалаштираётганини маълум қилди

2

Қирғизистонлик спортчи УТРК давлат телеканалига берган интервьюсида саломатлигини тиклашни ва бир ярим-икки йил ичида Лос-Анжелесда ўтадиган навбатдаги Олимпиадага тайёргарликни бошлашни режалаштираётганини айтди.

Тинибекованинг таъкидлашича, унинг фаолиятида етишмаётган ягона медаль — Олимпиада олтин медали.

«Менда қолган барча медаллар бор. Ҳар бир спортчининг орзуси — Олимпиададан ғалаба билан қайтиш. [...] Бу ҳеч нарсага тенг келмайдиган ўзгача бир ҳиссиёт. Яна бир бор бораман ва бу ҳиссиётни яна бошдан кечиришни истайман», — деб ўртоқлашди у.

Спортчи катта спортда жуда кўп жароҳат олганини, шу сабабли тикланиш учун маълум вақт кераклигини қўшимча қилди.

«Мен даволанишим керак. Ҳаммасини чуқур ўйлаб кўраман, тана ҳолатимни баҳолаб, спортга қайта оламан. Ғалабага эришиш учун барча саъй-ҳаракатимни ишга соламан», — дея сўзини якунлади Тинибекова.

2024 йил октябрь ойида Тинибекова Аёллар кураши федерацияси вице-президенти этиб сайланган эди.

Айсулу Тинибекова Қирғизистоннинг энг совринли спортчиларидан бири ҳисобланади: олти карра Осиё чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, икки карра Олимпиада совриндори, Жаҳон кубоги ғолиби.