Россиянинг Қирғизистондаги элчиси: Лотин ёзувига ўтиш масаласига жуда эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак — бутун маданият ўзгариши мумкин

49

Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Сергей Вакунов журналистлар билан учрашувда, агар Қирғизистон лотин ёзувига ўтса, республика «бир неча юз йиллар давомида бўлган маданиятнинг бир қисмини йўқотиши мумкин»лигини таъкидлади.

Бу баёнотни у 25 ноябрь куни, Қирғизистоннинг бошқа туркий давлатлар билан биргаликда ўз халқлари учун ягона лотин алифбосини тасдиқлаш бўйича қарорини Россия Ташқи ишлар вазирлиги қандай баҳолаши ҳақидаги саволга жавобан айтган.

Россиялик дипломатнинг фикрича, лотин ёзувига ўтиш бутун маданиятни ўзгартириши мумкин ва бу масалага «жуда ва жуда эҳтиёткорлик билан» ёндашиш керак.

«Тушунасизми, тил — бу фақат баъзи сўзларни ёзиш эмас, бу маданият, бу анъаналар, бу менталитет, бу Қирғизистоннинг мероси. Уни бир лаҳзада ўзгартиришга арзийдими?» — деди элчи.

Вакунов, тилшуносларга таянган ҳолда, кирилл ёзуви «қирғиз тилининг хусусиятларини ифода этиш учун энг мос» эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, агар Қирғизистон лотин ёзувига ўтса, катта ва кичик авлод ўртасида алоқа узилиши хавфи пайдо бўлиши мумкин.

«Айтинг-чи, лотин ёзувида қирғиз тилига хос бўлган ”ы” ҳарфи қандай ёзилади ва энг муҳими, қандай талаффуз қилинади? Ва 30 йилдан кейин, лотин ёзувига асосланган ҳолда ўқиган пайтда, бу қандай ифода этилади, мана шу белгилар комбинацияси ”ы” сифатида ўқилиши кераклигини қандай тушунтириш мумкин бўлади? Менимча, буни амалга ошириш жуда қийин бўлади», — дея ҳисоблайди элчи.

Вакунов қўшимча қилди, Қирғизистон президенти лотин ёзувига ўтиш масаласи ҳозирча кун тартибида эмаслигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Россия Ташқи ишлар вазирлиги бунга тегишли муносабат билдиради. Элчи таъкидлашича, бошқа алифбога ўтиш «жуда арзон масала эмас».

9–11 сентябрь кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти умумий алифбоси бўйича комиссиянинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 34 та ҳарфдан иборат бўлган туркий халқлар учун ягона лотин алифбоси тасдиқланди.

Ноябр ойида Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон Қирғизистон ва Марказий Осиёнинг айрим давлатларини «янги алифбога ўтиш йўлида қадам қўйишга» чақирган.