ЖКнинг ижтимоий сиёсат бўйича қўмитаси мактабларда ноқонуний пул йиғимлари учун жарималар тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади

92

Парламентнинг ижтимоий сиёсат бўйича қўмитаси 18 ноябрь куни «Таълим тўғрисида»ги қонунга ва Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексига ўзгартишлар киритишни иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилди. Ушбу қонун лойиҳасида мактабларда пул йиғимларини тақиқлаш таклиф қилинган.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида депутат Элдар Абакиров барча мактабларда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналаридан пул йиғилмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, Норин вилоятидаги бир мактаб директори пул ўрнига чорва моллари йиғишни йўлга қўйган.

«Ат-Баши туманида мактаб бор, унинг директори етти-саккиз йил олдин йиғимни бошлаган. Лекин одамлар нимага бой? Чорвага. Ҳозир мактаб яқинида 100 га яқин мол тўпланган […] Айил ҳокимияти бу мақсад учун ер ажратган. Мактаб ҳар йили 40 та қўйни сотади ва тушган маблағни ўз эҳтиёжлари учун сарфлайди. Бу мактаб ўқувчилари янги гўшт ейди, ҳар бир синфга телевизорлар харид қилинган», — деди депутат ва бундай йиғимларни тақиқлаб бўлмаслигини қўшимча қилди.

Қонун лойиҳаси ташаббускори Миргул Темирбоева ўз ҳамкасбига жавобан, ушбу ҳужжат мактабларга ота-оналар томонидан ҳомийлик ёрдамини тақиқламаслигини таъкидлади.

«Бизнинг қонун лойиҳамизда ота-оналардан пул йиғишга мажбур қиладиган гуруҳлар ёки жамғармалар тузиш ҳақида гап кетмоқда», — деди у.

Аввалроқ, Темирбоева таълим муассасаларида президент томонидан 2023 йил май ойида киритилган тақиққа қарамай, ўқувчилардан пул йиғиш ва мактабларда жамоат жамғармалари ташкил этиш давом этаётганини таъкидлаган эди.

Шу муносабат билан депутат мактабларда ноқонуний пул йиғимлари учун 20 минг сом жарима киритишни таклиф қилмоқда. Мактабларда жамоат жамғармаларини тузиш учун жисмоний шахсларга 40 минг сом, юридик шахсларга эса 60 минг сом миқдорида жарима солиниши кўзда тутилмоқда.