Парламентда интернетдаги туҳмат ва ҳақоратлар учун жарималарни камайтириш таклиф қилинмоқда — депутат Бекешев

58

Парламент депутати Дастан Бекешев ўзининг Telegram-каналида ОАВ ва интернетда туҳмат ва ҳақоратлар учун жарималар ҳақидаги қонун лойиҳаси кун тартибидан олиб ташланганини ва Жўғорқу Кенгаш ҳуқуқ-тартибот қўмитасининг кейинги мажлисига қолдирилганини маълум қилди.

Депутатнинг таъкидлашича, парламент аъзолари жисмоний шахслар учун жарималарни 100 минг сомдан 20 минг сомга, юридик шахслар учун эса 200 минг сомдан 60 минг сомга камайтиришни таклиф қилган. Бекешев эса жарималарни 1000 сомгача туширишни таклиф қилди.

«Фуқаролар учун шундай “чегирма” таклиф қилишмоқда [...] Аслида бу ҳам катта миқдор. Мен [илгариги] иккинчи ўқишда жарималарни 1000 сом қилиб белгилашни таклиф қилгандим. Чунки мақсад — жазолаш, инсонни қашшоқ қилиш эмас. Умуман олганда, бу қонун лойиҳасига қаршилигим бор, лекин ўртада бир мувозанат топишга ҳаракат қилдим [...]» — деди у.

Бекешев депутатлар Маданият вазирлигини туҳмат ва ҳақоратни ўзлари мустақил баҳолаш ваколатидан маҳрум қилишни ҳам таклиф қилганини таъкидлади. Унинг айтишича, жарима қўллаш учун судга мурожаат қилиш ваколати ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўтказилиши кўзда тутилган.

ОАВ ва интернетда ҳақорат ва туҳмат учун жарималар жорий этиш ҳақидаги қонун лойиҳаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан илгари сурилган.

Ҳужжатга кўра, ОАВ ёки интернетда ҳақорат қилганлик учун жисмоний шахсларга 100 минг сом, юридик шахсларга эса 200 минг сомлик жарима белгилаш таклиф қилинган. Шунингдек, интернетда туҳмат қилганлик учун ҳам шундай жарима қўллаш таклиф қилинган. Лойиҳа ташаббускорларининг маълумотига кўра, сўнгги вақтларда ОАВ ва интернет-ресурслар орқали ҳақорат ва таҳқирлаш ҳолатлари кўпайган.