«Чегара билмас мухбирлар» журналистларга босим ўтказиш билан боғлиқ вазият юзасидан ИИВдан тушунтириш талаб қилди

59

Халқаро «Чегара билмас мухбирлар» (RSF) ташкилоти Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан «ПолитКлиника» ва «Апрель» нашрлари журналистлари ҳақида шахсий маълумотларни тўплашга қаратилган хакерлик ҳужумлари ва уринишлар билан боғлиқ тушунтириш талаб қилди. RSF мазкур ҳаракатларни қоралади.

Бундан аввал номаълум шахслар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари сифатида ўзларини таништириб, «ПолитКлиника» нашри ходимлари Ирисбу Қиличбек қизи, Адахан Аманатов ва Бектур Оргубоев ҳақида шахсий маълумотларни тўплагани маълум бўлган эди.

Шу каби ҳолат «Апрель» журналисти Юлия Кулешованинг ҳам бошига тушди. Унинг сўзларига кўра, 29 октябр куни икки нафар номаълум шахс милиция ходимлари гувоҳномаси билан аввало унинг шахсий ҳаёти тўғрисида маълумот олиш учун уй бошқарувчисини сўроқ қилишган ва кейин унинг онасига борган.

Шунингдек, бир қатор журналистлар ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини бузиб киришга уринишлар ҳақида хабар беришди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги журналистлар хабар берган ушбу ҳодисалар юзасидан ҳали бирон бир изоҳ бермади.