Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Қирғизистон ҳукумати билан мамлакатнинг Туркияга бўлган ташқи қарзини кечиш тўғрисидаги келишувни имзолади.
Қирғизистон президентининг матбуот хизмати раҳбари Дайирбек Орунбековнинг таъкидлашича, бунинг эвазига қирғиз томони «яшил иқтисодиёт» лойиҳаларини амалга ошириши керак бўлади. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистоннинг Туркия олдидаги қарзи 58,8 миллион долларни ташкил қилган.
«Садир Жапаров ташқи қарзни «яшил иқтисодиёт»га айлантириш ташаббуси билан чиқиб, шерик давлатларга ва молия ташкилотларига мурожаат қилган эди […] Туркия Президенти ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади», — деб ёзди у ўзининг Facebook саҳифасида.
Туркия Президенти 4 ноябрь куни расмий ташриф билан Қирғизистонга келди. Қирғизистон Президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, томонлар иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит, энергетика ва миграция соҳаларида бир қатор келишувларни имзолашди.
Аввалроқ Садир Жапаров бир неча бор мамлакатлар ва халқаро молия ташкилотларини ривожланаётган мамлакатларга иқлим ўзгаришига қарши курашишда ёрдам бериш мақсадида қарзни «яшил иқтисодиёт»га алмаштириш механизмидан фойдаланишга чақирган эди.