Шакиев: Биз журналистларни озод қилиш масаласини кўриб чиқамиз, аммо бу бошқалар учун дарс бўлиши керак

163

Парламент спикери Нурланбек Шакиев Ахборот ва матбуот куни муносабати билан ОАВ ходимларини тақдирлаш маросимида қамоқдаги журналистлар масаласини кўриб чиқишини билдирди.

«Ҳамма хато қилади […] Аммо бу бошқалар учун дарс бўлиши керак. Биз масъулият нималигини билишимиз керак. Ҳаммамиз бировнинг қадр-қимматини ҳақорат қилиш нотўғри эканлигини тушунишимиз зарур. Айниқса, давлат масаласи бўлганда. Шунинг учун бу муаммони, албатта, кўриб чиқишимиз ҳақида гапиряпман ва худо хоҳласа, қонун доирасида ечим топишимиз мумкин», — деди у.

24.kg хабарига кўра, Шакиев президент «Ынтимоқ Ордо»нинг очилиш маросимида янги маъмурият биноси «қатъият, дўстлик ва ривожланишга интилиш рамзи» эканлигини таъкидлаганини эсга олди. У давлат раҳбари фикрига қўшилиб, «қарши томонлар бирлашиши керак» эканлигини айтди.

10 октябрда Ленин туман суди оммавий тартибсизликларга чақирувда айбланган, январь ойида қўлга олинган 11 нафар журналистга ҳукм чиқарди. Temirov Live лойиҳаси раҳбари Махабат Тажибек қизига олти йил қамоқ жазоси тайинланди, ақин Азамат Ишенбеков эса беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Актилек Капаров ва Айка Бейшекееваларга уч йил шартли жазо берилди. Қолган айбланувчилар жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқланди.