Меҳнат вазирлиги: Россиянинг «қора» рўйхатида 76 мингдан зиёд қирғизистонликлар бор

165

Россиядаги мигрантлар энди ўзларининг «қора» рўйхатда бор-йўқлигини чет элда ишга жойлаштириш марказининг сайти – migrant.kg орқали текшириб кўришлари мумкин. Бу ҳақда брифингда Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирининг ўринбосари Бақит Дарманқул ўғли маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 1 октябрь ҳолатига кўра Россиянинг «қора» рўйхатида 76 мингдан ортиқ қирғизистонлик фуқаролар мавжуд.

«Ҳозирда техник ишлар олиб борилмоқда. «Қора» рўйхатга тушиши мумкин бўлган барча эҳтимолий фуқароларнинг рўйхати ушбу сайтга киритилмоқда. Агар одамлар ўзларини ушбу рўйхатда кўриб, мамлакатда бўлишларини қонунийлаштириш имкониятига эга бўлсалар, улар бундан фойдаланиш имкониятига эга», — деди у.

Шунингдек, Дарманқул ўғли Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари орқали хавф гуруҳидаги фуқаролар рўйхати ҳам олинганини маълум қилди. Ушбу рўйхатда 70 мингдан зиёд киши бор. Унинг тушунтиришича, улар Россияга кирганидан кейин маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаролардир.

Меҳнат вазирининг ўринбосари сўзларига кўра, чет элда 600 минг қирғизистонлик бор ва уларнинг 334 минг нафари Россияда меҳнат қилмоқда.