Жапаров: Акаевнинг энг катта хатоси — уни халқ ҳокимиятдан қувишигача олиб боргани

136

Президент Садир Жапаров «Кабар» давлат нашрига берган интервьюсида Аскар Акаевнинг Қирғизистон давлатчилиги шаклланишида катта ҳисса қўшганини таъкидлади.

«Лекин ҳаёт табиати шундайки, сен 99 марта яхши ишлар қиласан, аммо бир марта хатога йўл қўйсанг, бу кечирилмайди», — деди давлат раҳбари.

Шундан сўнг Жапаров Акаев ҳокимият даврида йўл қўйган хатоларни санаб ўтди.

«У хусусийлаштириш жараёнини назорат қила олмади. Тамага берилган давлат хизматчилари халқ мулкини талон-торож қилишди. Ишлаб турган завод ва фабрикаларни вайрон қилиб, ускуналарни чет эл давлатларига сотишди», — деди у.

Президент шунингдек, Акаев даврида қишлоқ хўжалиги ҳам таназзулга учраганини қайд этди. Аммо бунинг учун Акаевнинг айби йўқлигини таъкидлади, чунки «у олим, фермер эмас». Давлат раҳбарининг фикрича, бунинг учун нолойиқ вазир айбдор, у қишлоқ хўжалигини таназзулга юз туттирган. Аммо Акаевнинг кадрлар сиёсатида хатога йўл қўйганини таъкидлади.

Жапаровнинг айтишича, Акаевнинг энг катта хатоси шундаки, «халқ уни ҳокимиятдан қувиб юборган даражагача боришига йўл қўймаслиги керак эди».

«10 йиллик бошқарувдан кейин кетиши керак эди. [...] Агар одамлар бир хил юзни кўраверадиган бўлса, чарчайди. Шунинг учун дунёда президентлик муддати 7 йиллик бир муддат ёки 4-5 йиллик икки муддат билан чегараланган. Бу қоида шунчаки жорий этилмаган. У инсоннинг узоқ вақт давомида президент бўлиб қолмаслиги учун жорий этилган. Инсон кучсиз. Ёки ҳокимият жуда шириндир, билмадим», — деди президент.

Шу муносабат билан Жапаров, агар Акаев халқ томонидан ҳокимиятдан четлатилмаганида, унинг портрети янги «Оқ уй» биносида мамлакатнинг биринчи ва собиқ президенти сифатида илиб қўйилган бўлар эди, деб таъкидлади.

Аввалроқ, Аскар Акаев Жогорку Кенешга Қирғизистон Республикасининг собиқ президент мақомини ўз ўрнида тиклашни сўраб мурожаат қилган эди. Аммо 25 сентябрь куни парламент унга бу мақомни тиклашни рад этди.

Аскар Акаев — Қирғизистоннинг биринчи ағдарилган президенти. У 2005 йилги инқилоб ва фуқароларнинг норозилиги оқибатида мамлакатдан қочиб кетган. Унинг бошқаруви коррупция, ҳокимиятни ўзлаштириш ва Жалолобод вилоятининг Акси туманидаги Боспиек қишлоғида тинч митинг пайтида фуқароларга қарши қурол қўлланилгани билан ёдда қолган.