Ташиев: Яқинларимизни ҳукуматни бошқаришга аралаштирмаслигимиз керак

98

МХДҚнинг раҳбари Қамчибек Ташиев Баткен вилоятида махсус хизмат ходимлари учун яна бир бинонинг очилишида ходимларга мурожаат қилиб, яқинларининг таъсирига тушмасликка чақирди.

«Менинг бирон бир қариндошим ёки фарзандим билан мулоқот қилманг ва уларнинг кўрсатмалари ёки илтимосларини бажарманг. Чунки сиз буни қилишга мажбур эмассиз. Агар улар билан телефон орқали мулоқот қилиш, учрашиш ниятида бўлсангиз ва бу ҳақда менга хабар етса, сизга нисбатан хизмат текшируви бошланади», деди у ва ўз шахсий муаммоларини ҳеч қачон иши орқали ҳал қилмаганини таъкидлади.

Ташиев шунингдек, ўтмишдаги президентларнинг оилавий-уруғчилик бошқарув тартиби ўрнатганини эслаб ўтди. У халқ буни ҳеч қачон унутмаслигини қайд этди.

«Президент томонидан бизга қўйилган вазифалардан бири ҳам шундаки, биз ҳеч қандай қариндошлар ёки яқинларни ҳокимиятга жалб этмаслигимиз керак», деди у.

Шу билан бирга, Ташиев фирибгарликда гумон қилинаётган қариндоши уч ойдан бери МХДҚнинг СИЗОсида эканлигини маълум қилди.

«Аввало, у фирибгарлик йўли билан олинган пулларни қайтариши керак. Кейин қонун доирасида жавобгарликка тортилиши ва шундан кейингина озодликка чиқиши мумкин. Агар яқинларим қонунни бузсалар, уларга қарши муросасиз курашинг, жавобгарликка тортинг», деди махсус хизмат раҳбари ўз ходимларига мурожаат қилиб.

17 июлда Камчибек Ташиевнинг божаси қўлга олингани маълум бўлган. Тергов маълумотларига кўра, у Туркия фуқароси билан тил бириктириб, маҳаллий тадбиркорлардан бирининг катта миқдордаги пулларини ўзлаштириб олган. Иккаласи ҳам ҳибсга олинган.