Москва вилоятида мигрантларга савдо, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ишлаш тақиқланади

142

2025 йил 1 январдан бошлаб Россиянинг Москва вилоятида мигрантларга алкоголь ва тамаки савдоси, фастфуд, ижтимоий хизматлар, спорт, маданият, дам олиш, соғлиқни сақлаш ҳамда таълим соҳаларида  патент асосида ишлаш тақиқланади.

Ҳукумат раҳбари ўринбосари Наталия Масленкинанинг таъкидлашича, маҳаллий аҳолининг мигрантлар ишига нисбатан шикоятлари сони ошгани сабабли бу қарор қабул қилинган. Унинг айтишича, тақиқлар жорий қилиниши "потенциал можароларни камайтириш" мақсадида қилинган.

«Бу тақиқларни жорий этиш натижасида патент билан ишлаётган 5,6 минг киши ишсиз қолади. Иқтисодий жиҳатдан уларнинг ўрнини маҳаллий фуқаролар ва Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар фуқаролари тўлдириши мумкин», — деб қўшимча қилди Масленкина.

Аввалроқ «Агентство» таҳлилларига кўра, Россиянинг учдан бир қисмида мигрантларнинг ишлаш имкониятлари чекланган. Кўпинча чет элликларга таксичилик қилиш таъқиқланади.

Москва вилоятидаги «Крокус» савдо марказида содир бўлган терактдан сўнг, Россия бўйлаб Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан агрессия ҳолатлари кўпайди. Шунингдек, президент Владимир Путин бир қатор антимигрант қонун лойиҳаларини имзолади. Энди полиция суд қарорисиз мигрантларни депортация қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, янги қонунга кўра, собиқ мигрантлар ҳарбий рўйхатдан ўтмаган тақдирда, Россия фуқаролигидан маҳрум қилиниши мумкин.