Иссиқкўл туманида 497 турар-жой селдан зарар кўрган

123

Айни пайтда ФҲВнинг ходимлари томонидан Иссиқкўл вилоятида сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда. Бунинг учун 755 киши ва 59 дона махсус техника жалб қилинган.

Вазирликнинг тахминий маълумотларига кўра, Иссиқкўл туманида 497 та турар жой, учта ижтимоий муассаса (болалар боғчаси, ФАБ ва кутубхона) ва дам олиш масканлари сув тошқини оқибатида зарар кўрган.

18 август куни кучли ёғингарчилик туфайли сув тошқини содир бўлиб, Булан-Сўғат, Корум, Темир қишлоқлари, шунингдек, «Иссиқкўл Аврора» пансионати ва «Karven Иссиқкўл» дам олиш масканини сув босган.

Селдан энг кўп Темировка қишлоғи жабр кўрган бўлса, ушбу қишлоқда 100 дан ортиқ уй сув остида қолган. Бундан ташқари, Жети-Ўғуз, Оқ-сув, Иссиқкўл ва Тонг туманларида ҳам бир қатор уйлар ва йўлларни сел босиб, айрим йўллар вақтинча ёпилган.

Сув тошқини муносабати билан Иссиқкўл ва Тонг туманларида фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилган.