«Ўлдирилган». Дори ичиб вафот бўлгани айтилган аёлнинг яқинлари адолат излайди

100

Бишкекдаги шифохоналардан бирида вафот этган 26 ёшли Айтурған Маматқулованинг яқинлари аёл ўз жонига қасд қилганига ишонмаяпти.

Марҳумнинг онаси Айтурғаннинг «танаси кўкарганини, энсасида калтаклаш излари борлиги»ни айтиб, куёвидан гумон қилаётганини айтди. Бу ҳақда T-Медиа нашри ёзиб чиқди.

Ўшлик Айтурған Маматқулова 7 июлга ўтар кечаси Бишкекдаги 4-сонли касалхонада вафот этди. Тиббиёт муассасасидан Маматқулова соат 00:30 атрофида оғир аҳволда ётқизилгани маълум қилинди. Марҳум келиннинг қайнонаси дори ичиб касалхонага борганини айтган.

Марҳумнинг онаси  журналистларга интервью бериб, қизим ўлдирилди, куёвим нозик ерига уриб қўйди деган фикрини билдирди.

Марҳумнинг келинойичи эса Айтурған аввал ҳам «эри томонидан калтакланиб келганини» айтиб берган.

Марҳумнинг қайин юрти нима дейди?

Маматқулованинг қайнотаси келинининг сўзларини инкор этиб, суд-тиббий экспертиза тайинлангани, воқеа юзасидан Бишкек полицияси суриштирув бошлаганини айтди.

«Агар у калтаклашдан ўлганида, Бишкекдаёқ қамаб қўймасди. Бишкекники бизга қараганда баландроқ туради-ку. Бундан ташқари, суд-тиббий экспертиза ўтказилибди. Урган бўлса милиция “боравер ука” деб юзидан ўпиб қўярмиди?» — деган қайнотаси.

Бишкек шаҳар милициясидан «Клооп»нинг журналистига воқеа Ленин туман ИИБга қайд этилиб, терговга қадар текширув бошлангани ҳақида маълум қилишди.

Дастлабки хулосада «заҳарланиш, ўз жонига қасд қилиш, юрак-қон томирининг жиддий етишмовчилиги» деган ташҳис ёзилганини таъкидлаб, кейинчалик қўшимча маълумот беришни ваъда қилишди.

Аёлларга нисбатан зўравонлик

2023 йилда Қирғизистон аёллар фаровонлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда 177 давлат орасида 95-ўринни эгаллаб, Марказий Осиёда кетма-кет иккинчи йил аёллар учун хавфли давлат сифатида тан олинди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йили мамлакатимизда аёлларга нисбатан зўравонлик бўйича 8340 та жиноят иши қўзғатилган, бу 2022 йилга нисбатан 3159 тага кўпдир.

Миллий статистика қўмитаси ҳисоботига кўра, 2021 йилгача бўлган олти йил ичида оилавий зўравонлик қурбонлари сони деярли уч баравар кўпаяди. Қурбонларнинг аксарияти - 96 фоизи аёллардир.

Доимий такрорланувчи оилавий зўравонлик эса кўпинча аёлларнинг эрлари, ҳамроҳлари ёки собиқ шериклари томонидан ўлдирилишигаолиб келади. Бундай қотиллик фемицид деб аталади.

Агар яқинингиз ёки нотаниш киши томонидан зўравонликка дуч келсангиз, ёрдам учун мамлакатдаги милиция ва инқироз марказларига мурожаат қилишингиз мумкин.