Москвада қўлга олинган қирғизистонлик аёлнинг иши: Боласи қариндошларига ўтказиб берилди

302

Москвада қирғизистонлик аёл ватандошларини ўз квартирасида бирга яшаш учун олиб киргани учун «ноқонуний миграция ташкил этиш»да айбланиб ҳибсга олинди. Унинг меҳрибонлик уйига олиб кетилган 1,5 ёшли фарзанди аёлнинг синглисига топширилган.

Бу ҳақда «Озодлик» судланувчининг адвокати Эрлан Токтосуновга асосланиб ёзди.

Маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси, Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлигининг Россиядаги ваколатхонаси ва Мовквадаги Бош консуллиги ўтказишда ёрдам берган.

Бунгача Москвада хавфсизлик кучлари қирғизистонлик аёлни «Ноқонуний миграцияни ташкил этиш» моддаси асосида қўлга олиб, фарзандини меҳрибонлик уйига олиб кетгани маълум эди.

24 май куни Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазири ўринбосари Бақит Дарманқул уулу 586 мингдан ортиқ Қирғизистон фуқароси хорижда, улардан 411 226 нафари Россияда эканини маълум қилди.