Садир Жапаров синглиси Лаззат Нургожоеванинг ижтимоий тармоқдаги «бўлажак турмуш ўртоғи вертолёт билан келиб қўлини сўрагани» акс этган видео бўйича «Кабар» агентлигига изоҳ бериб, халқдан узр сўради.
«Давлат раҳбарларининг яқинлари бошқаларга намуна бўлиши керак. Исрофгарчиликни тўхтатайлик деб тинмай айтиб келяпман. Йўқ деганда бўлажак куёв бола шу ташаббусимни қўллаб, ўйланса ҳам бўларди. Президентнинг яқини бўлаётган бўлса, халқнинг танқидига учрамай, президентни ҳам танқидга учратмайин дейиши керак эди», — деди давлат раҳбари.
Шу билан бирга президент ФҲВга олиб берилган вертолётларни давлатнинг ишига ишлатишдан бошқа вақтда тижорий мақсадда ишлатишга рухсат берилганини қўшимча қилди. Унинг айтишича, ижарага беришдан тушган ҳар бир сўм давлатга тушиб, кейинги янги вертолётларни сотиб олиш учун тўпланади.
Жапаров яқинлари, қариндошлари шахсиё ҳаётини жамоатчиликка эълон қилишда у билан маслаҳатлашишини, уларга «юқори давлат хизматини ҳисобга олиб» талабларни қўйишини айтди.
«“Аввалгиларнинг хатосини такрорламайлик, давлат ишларига аралашманглар” деб доимо огоҳлантириб келаман. Аралаштирмайман ҳам. Олдин бошқаларни танқид қилардим. Энди ўз бошимга тушиб турибди. Синглим учун халқдан кечирим сўрайман», – деди давлат раҳбари.
Лаззат Нургожоева ҳозирча бу бўйича изоҳ бергани йўқ.
Нургожоева 24 июнда бўлажак турмуш ўртоғи вертолёт билан келиб қўлини сўраган видеосини ижтимоий тармоқда бўлишган эди. Видео ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг орасида турли фикрларни туғдирди, чунки президент ўзи «исрофгарчиликка йўл берилмаслигини» бир неча бор айтган.