Маданият вазири ОАВ ҳақидаги қонун икки ойда ишлаб чиқилиши кераклигини билдирди

473

Қирғизистон Маданият вазири Алтинбек Мақсутов  ОАВ ҳақидаги қонунни ишлаб чиқиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашди. Унинг айтишича, қонун лойиҳаси икки ой муддатда ишлаб чиқилиши керак.

«Бизнинг вазирлик ҳам ОАВни рўйхатга олишни мураккаблаштиришга қарши. Биз сизлар билан қонун лойиҳаси устида конструктив ишлашга тайёрмиз», — деди у.

Ишчи гуруҳга«Медиа Полиси» институтининг ҳуқуқшуноси Нурбек Сидиқов, Kaktus.media’нинг раҳбари Дина Маслова, «Азаттиқ»нинг ходими Кубат Оторбаэв, Next TV’нинг бош продюссери Дмитрий Ложников, юрист Акмат Алагушев ҳамда депутат Жанар Акаев кирган.

13 май куни президент мустақил нашрлар раҳбарлари билан учрашувдан сўнг ОАВ тўғрисидаги қонунни бекор қилган.

Аввалроқ қонун лойиҳаси «сўз эркинлигига жиддий таҳдид» ва «журналистлар фаолиятини ҳаддан ташқари ва асоссиз чекловчи қўшимча моддаларни ўз ичига олгани» учун танқид қилинган эди.