Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари қидирувда бўлган Божхона бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг уйини муҳрлаб қўйди. Бу ҳақда «Азаттиқ» нашри ёзди.
Маълумотларга кўра, Матраимовнинг Ўшдаги уйи Супаналиев кўчасида жойлашган.
Шунингдек, «Азаттиқ» айрим манбаларга таяниб, Ўшдаги Матраимовга тегишли экани айтилаётган JAMBY бизнес маркази қайта тиклангани ҳақида хабар берди.
Махсус хизмат бу маълумотга изоҳ бермади.
Ҳозир божхона бошлиғининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг қаерда эканлиги номаълум. Ўтган йил охирида у мамлакатни тарк этиб, Дубайга учиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.
26 январь куни эса собиқ божхоначига нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, қидирув эълон қилинди. У «Мажбурий ушлаб турилган шахснинг ҳаракатланиш эркинлигини мансаб жинояти белгилари бўлмаган ҳолда чеклашга кўмаклашиш» моддаси бўйича гумон қилинмоқда.
Кейинроқ МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев Бишкек ва Ўш шаҳарларида Матраимовнинг 80 миллион долларлик мулки мусодара қилингани, орадан кўп ўтмай МХДҚнинг 3 миллиард 98 миллион 134 минг сомлик мулки давлат ҳисобига ўтказилгани ҳақида хабар берган эди.
Ташиев аввалроқ «Матраимовнинг барча мулки давлат тасарруфига ўтади» деган эди. Шунингдек, МХДҚ раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатда Матраимов кадрларидан «давлат органларини тозалаш» давом этмоқда.
Райимбек Матраимов 2015-2017 йилларда Божхона хизмати раиси ўринбосари бўлган. У божхона тузилмаларида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу орада у хитойлик тадбиркор Ҳабибула Абдуқодирнинг соядаги клани билан биргаликда коррупцион схемани йўлга қўйган. Бу ҳақда 2020 йилда «Клооп», «Азаттиқ» ва OCCRP’нинг журналистлари божхонадаги коррупцион схемалар бўйича ўз суриштирувларида маълум қилишган.
2021 йил бошида Биринчи Май туман суди Матраимовни коррупцияда айбдор деб топиб, 260 минг сом жарима тўлашга ҳукм қилган эди. Божхона бошқармаси раисининг собиқ ўринбосари ҳам коррупцияга иқрор бўлиб, бюджетга етказилган зарарни тиклаш учун 2 миллиард сом тўлаган.