«400 киши кўчада қолди». «Қум-шағил»  корхонаси ходимлари митинг ўтказди

586
«Қум-шағил»  корхонаси ходимлари томонидан ташкил этилган митинг. Сурат: 24.kg

15 февраль куни «Қум-шағил» ширкати ходимлари Бишкекдаги Максим Горкий номидаги гулзорда норозилик намойиши уюштиришди. Улар завод атрофидаги вазиятни тушунтириб, ишлашга рухсат беришни талаб қилишди.

Иштирокчиларнинг сўзларига кўра, муниципал корхона тегишли шартномага эга бўлишига қарамай, тўртта лицензиядан маҳрум қилинган. 8 февраль куни эса ҳоким корхонага бориб, ишчиларнинг ишини тўхтатди - электр ва сув ўчирилди, 400 дан ортиқ одам ишсиз қолди.

«Давлат томонидан босим бор. Заводнинг шахсий ер майдони ҳам бор. Агар уларга карьер керак бўлса, карьерларини олиб кетишсин. Бироқ улар ишлаётган ва ўсиб бораётган заводни эгаллаб олишди», — деди митинг иштирокчиси.

Шаҳарнинг Биринчи Май тумани ҳокимлиги аппарат раҳбари Азамат Бейшенбоев акция иштирокчилари билан учрашди. Ходимларга заводга бориб, муаммони жойида ҳал қилишни маслаҳат берди.

Акция иштирокчилари аввалига ҳокимнинг келишини талаб қилиб, сўнг заводга боришга рози бўлиб, жўнаб кетишган.

Компаниядаги вазият

Бунгача мазкур корхона ходимлари президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, завод атрофидаги масалани ҳал этишни сўрашган. Улар завод ишини тўхтатишга уринишни «босқинчилар ишғоли» деб аташган.

Адвокат Людмила Сабелникованинг 24.kg нашрига айтишича, ҳокимлик мутасаддилари корхонани ёпиш чоғида ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмаган, ходимлар эса бинони бўшатмаяпти.

Кейинроқ Бишкек шаҳар мерияси  «Қум-шағил»  корхонасидаги вазиятга изоҳ берди ва геология комиссияси корхонанинг тоғ-конь ва карьерларни қазиб олиш лицензияси бекор қилинганини маълум қилди.

«Қум-шағил»  масъулияти чекланган жамияти заводи 12-мавзеда жойлашган. У ерда темир-бетон, қурилиш материаллари тайёрланади. Завод 60 йилдан ортиқ вақтдан бери ишлайди.

Муаллиф: Нурпаяз Абитов.