Россия қамоқхоналаридаги 1000 га яқин қирғизистонлик экстрадициядан бош тортди

511

Россия қамоқхоналарида жазосини ўтаётган 994 қирғизистонлик ватанига экстрадиция қилинишини рад этди. Бу ҳақда бош прокурор Курманкул Зулушев Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотига таянган ҳолда билдирди.

Зулушевнинг айтишича, уларнинг мамлакатга ўтказилишдан бош тортишининг асосий сабаби — оилалари Россияда.

«Бундан ташқари Россия жазони ўташ муассасаларида улар ишлаб, пул топишлари мумкин экан», — деб айтди бош прокурор.

Чет элда Қирғизистоннинг жами 1452 нафар фуқароси жазо ўтамоқда. Уларнинг 1167 нафари Россиянинг қамоқхоналарида ётибди. Зулушуевнинг маълумотига кўра, бугунги кунга келиб Қирғизистонга Россиядан 74 кишини, Қозоғистондан 5 фуқаро  экстрадиция қилинган, яна 42 нафари бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Бунга қадар ҳукумат 2023 йилнинг олти ойида Россия қамоқхоналаридан 35 нафар фуқарони экстрадиция қилиш мумкин бўлганини билдирган.

2023 йилнинг апрелида Россия қамоқдагиларнинг яқинлари президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, яқинларини экстрадиция қилиш жараёнини тезлатишни сўраб мурожаат қилган. Бунинг бирдан бир сабаби сифатида, Марказий Осиёда туғилган фуқаролар Вагнер ЧВКсига жалб қилиниб, Украинадаги урушга жўнатилаётгани хабар қилинган.

Россия Украинага ҳужум қилгандан бери Марказий Осиёдан келган муҳожирлар Украинанинг уруш бўлаётган ҳудудларига кўп жалб қилинмоқда. Уларни кўп ҳолларда Россия қамоқхоналаридан — Вагнер ЧВКсига жалб қилинган.

Бундан ташқари, Қирғизистонда улар Украинадан қайтиб келгандан сўнг, чет давлат ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларга жалб қилинганлиги учун 10 йилга озодликдан маҳрум қилинади.