Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг етакчиси Қамчибек Ташиев коррупцияга алоқадорлигини тан олган собиқ божхоначи Райимбек Матраимовнинг барча мулки давлат тасарруфига ўтказилишини айтди. Бу ҳақда махсус хизмат раҳбари 27 январда Қорасув бозорининг савдогарлари билан учрашувда маълум қилди.
«Унинг Ўш вилояти атрофидаги, Қирғизистон ҳудудидаги барча мол-мулкини оламиз, бир сотих ерини ҳам қолдирмаймиз. У оддий одам бўлиб, қайтиб келса ҳам, аввалгидек “Райим миллион” бўлмайди энди. Қорасувга бориб, орангизда савдо қилса, тирикчилигини қилади. Акс ҳолда, ўзига қийин бўлади. Аввалгидек бирорта ҳам клан бўлмайди» , деди Ташиев.
Шунингдек, махсус хизмат раҳбари бунга қадар Матраимовнинг Бишкек ва Ўшдаги 80 миллион долларлик мулки мусодара қилинганини айтди. Ташиевнинг сўзларига кўра, Матраимов аллақачон кўплаб корхоналар, қурилиш майдончалари, ер участкалари, завод ва фабрикаларни олиб қўйган.
Бундан ташқари, Ташиевнинг қўшимча қилишича, Ўш вилоятидаги 50 га яқин турли давлат органлари раҳбарлари Матраимов туфайли ишдан бўшатилган.
Ҳозир Божхона етакчисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг қаерда экани номаълум. Ўтган йилнинг сўнгида унинг мамлакатдан чиқиб, Дубайга учиб кетгани хабар қилинган.
Матраимовга қидирув эълон қилингани ҳақида бир кун аввал маълум бўлган. У «Хизмат жиноятининг аломатлари йўқ бўлган вақтда мажбурлаб қўлга олинган шахснинг фаолият эркинлигини чеклашда кўмаклашиш» моддаси бўйича гумонланмоқда. Ҳозирча ишнинг бошқа тафсилотлари номаълум.