26 январда МХДҚдан Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги «Туратали» бозори ҳудудида жойлашган «Жээнбеков» бозори директори хизмат вазифасини суиистеъмол қилишда гумонланиб қўлга олинганини билдиришди.
Махсус хизматдан «хусусий тадбиркор хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, “контейнерни бузиб ташлайман” деб қўрқитиб, ижара келишувини тузиш ва узайтириш учун ижарачилардан йилига ноқонуний тарзда 5 мингдан 10 минг долларгача пул талаб қилгани»ни маълум қилишди. Шунингдек, ижарачилар савдо растасидан ажраб қолишдан қўрқиб, талаб қилинган маблағни ўтказишга мажбур бўлишганини қўшимча қилишди.
24 январда ноқонуний талаб қилинган 5 минг долларни ўтказгандан кейин хусусий тадбиркор қўлга олиниб, МХДҚнинг вақтинчалик сақлаш жойига киргизилди.
Айбланувчининг яшаш жойини тинтиш чоғида, 135 минг 600 доллар, 1 млн 113 минг сом пул маблағлари, тилла тақинчоқлар, Миллий банкнинг 999 русумидаги умумий оғирлиги 1 килограмм бўлган 10 дона олтин қуймалар ва Range Rover русумидаги машинаси олинди.
Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.
Бунга қадар, Жалолобод шаҳридаги савдо-бозори мажмуаларидан бирининг эгаси ижара ҳақини асоссиз кўпайтириб, даромадини яширишда гумонланиб қўлга олинган.
Мазкур факт бўйича «Фирибгарлик» моддаси асосида жиноят иши қўзғалиб, суриштирув ишлари бошланган.