Ногойбаевани шафқатсизларча пичоқлаган собиқ эри 20 йилга судланди

26 январда Сўқулуқ туман суди Асел Ногойбаевани шафқатсизларча пичоқлаган собиқ эри Азамат Эстебесовни 20 йилга судлади. Жабрланувчининг яқинлари эса уни умр бўйи озодликдан маҳрум қилишни талаб қилишган.

Эстебесов 20 йилини кучайтирилган тартибдаги қамоқда ўтказишдан ташқари жабрланувчига 2 миллион, давлатга эса 80 минг сом тўлаб бериши керак.

Ҳукмда Эстебесов жазосини ўтаётган вақт оралиғида унга нисбатан пробация назорати қўлланилмаслиги айтилади. Адвокат Индира Даутова эса зўравон амнистия ёки шартли тарзда озодликка чиқиб кетиши мумкинлигидан хавотирда.

Шунингдек, айбланувчининг ТИЗОда ўтирган ҳар бир куни, икки кун деб ҳисобланадиган бўлди. Шунга кўра, у жазо муддатини бир ярим йилини ўтаган бўлади.

«Асел ва унинг яқинлари билан маслаҳатлашиб, шундан сўнг кейинги қадамларимиз ҳақида маълумот берамиз», — деди адвокат.

Эстебесов эса суд залидан чиқиб кетаётганда журналистларнинг саволига қисқа жавоб бериб, ҳукмдан норозилигини айтди.

Бунга қадар жабрланувчининг опаси, зўравон судда шимига сийиб, ўзини руҳий томондан касал киши сифатида кўрсатишга уринаётганини айтган эди.

Ногойбаеванинг пичоқланиши

2023 йилнинг сентябрида 36 ёшли Асел Ногойбаева юзи, боши ва бўйини кесилган ҳолатда шифохонага келиб тушган. Аёлнинг қулоқ-бурни кесилгани маълум бўлган.

Милиция бу бўйича «Оғир тан жароҳати етказиш» моддаси билан жиноят ишини қўзғаб, жабрланувчининг 39 ёшли собиқ эрини қўлга олган.

Жабрланувчи бу воқеагача собиқ эрининг «зўравонлигидан» шикоят қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига икки марта мурожаат қилгани маълум бўлган, аммо судланмай озодликда қолган.

Кейин Чүй вилояти суди аёлнинг собиқ эрини пробация назоратига олиш бўйича қарорни бекор қилиб, айбланувчини зўрлаш иши бўйича 8 йилга озодликдан маҳрум қилган. Шундан сўнг у ота-оналик ҳуқуқидан ҳам ажратилган.