Жогорку Кенешнинг профил қўмиталаридан бири ОАВ ҳақидаги қонун лойиҳасини кун тартибидан чиқарди

394

Жогорку Кенешнинг бюджет, иқтисодиёт ва фискал сиёсат бўйича қўмитасининг аъзолари 22 январдаги мажлисда «ОАВ ҳақида»ги қонун лойиҳасини кун тартибидан чиқарди. Ҳужжатни президент администрацияси ишлаб чиққан ва у медиа ҳамжамиятининг танқидига учраб келмоқда.

Йиғилишда баёнотчи сифатида маданият вазирининг ўринбосари Чингиз Эсенгул ўғли чиқди. У депутатларнинг саволига жавоб бериб, ОАВ сифатида мажбурий рўйхатдан ўтиш талаби фақат оммавий ахборот воситаларигагина тегишли эканини, қолган веб-сайтларга эса рўйхатдан ўтиш мажбурий эмас деб билдирди.

Шунингдек, Эсенгул ўғли қонун лойиҳасининг ташаббусчилари медиа ҳамжамиятининг «баъзи таклифларини инобатга олди» деб билдирди. Бундан ташқари, у «тез орада» Маданият вазирлиги қошида Мониторинг маркази очилишини билдирди. Унинг айтишича, ҳукуматнинг Meta, TikTok ва бошқа йирик компаниялар билан «зарар келтирувчи контент»ни блоклаш бўйича келишуви бор.

Йиғилиш давомида депутат Элвира Сурабалдиева ташаббусчиларни қонун лойиҳасига нисбатан бунга қадар халқаро ташкилотлар ва Омбудсмен институти айтган танқидларни инобатга олишларини сўради.

«[ОАВнинг иши] ҳукуматни, бизни мақтаб туриш эмас-да. Сизлар ортиқча қилиб юборишинглар мумкин […] Келажаги бор нарсалар ҳақида ҳам ўйланишимиз керак. [ОАВга босим қилиш] бизнинг халқаро рейтингларимизга ҳам таъсирини ўтказиши мумкин», — деб таъкидлаб, вазирнинг ўринбосарига раҳбариятига тўғри маълумотни етказиб қўйишни илтимос қилди.

Депутат Акилбек Тумонбаев бўлса, қонун лойиҳасига «кўплаб ўзгартиришлар» киритиш кераклигини айтиб, парламентга тегишли вазирликлар ва Омбудсмен институтининг вакиллари келмаганига эътибор қаратди. Шу сабабли у қонун лойиҳасини кун тартибидан олиб ташлашни таклиф қилди.

Ҳамкасби ва депутат Камила Талиева ҳам маъқуллади. У қонун лойиҳасининг муҳокамасига ҳужжат бўйича фикрини айтиш учун журналистларнинг ўзини чақириш керак деб  таъкидлади.