Президент Садир Жапаров ҳукумат аввал олинган ташқи қарзларни 2035 йилгача тўлаб тугатади деб билдирди. Бу ҳақда у 22 январда «Кабар» давлат агентлигига берган интервьюсида айтди.
У аввал олинган қарзлар «ўзини оқламасдан, давлатга фойда келтирмай, худди қумга сингиган сувдай йўқ бўлиб кетганини» таъкидлади.
«Шимол-жануб альтернатив йўлига, Датка-Кемин, Бишкек ИЭМига олинган қарзлар бўлса тўғри олинган. Бизга бу лойиҳалар керак бўлган. Аммо икки баравар қиммат бўлиб қолган. Назорат жуда ҳам ёмон бўлган, ўғирланган. Бу лойиҳалар ярим баҳосига ҳам якунланарди. Демак, ўзини-ўзи оқлаш муддати қисқа бўларди», — деди у.
Жапаров ташқи қарзни икки-уч йилда тўлаб тугатишга давлатнинг кучи етишини айтди, лекин шартномага кўра, бу Қирғизистон учун фойдасиз эканини қўшимча қилди.
Шунингдек, у бундан кейин ташқи қарз олишда ҳеч қандай ҳавотирга асос йўқ эканини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳозирги вақтда қарзлар «етти ўлчаб, бир кесиб» олинмоқда.
«Бошқа лойиҳаларга олинаётган ташқи қарзларимиздан ҳеч ҳижолат бўлмасангизлар ҳам бўлади. Ҳозир қилинаётган ҳар бир лойиҳа — давлат бюджетига куч келтирмасдан, ўзини-ўзи оқлайдиган лойиҳалар. [...] шу сабабли хавотирларга асос йўқ. Бундай кейин бу мавзуни муҳокама қилинмаса ҳам бўлади. Сиёсатлаштиришнинг ҳожати йўқ», — деди у.
Ўтган йили президент давлатнинг ташқи қарзи 4,5 млрд долларни ташкил қилганини таъкидлаб, уни ҳукумат ўз вақтида тўлаётганини айтган. Шунингдек, у ғазнадан қарзни тўлашга 2024 йили 64,7 млрд, 2025 йили эса 75,1 млрд сом ажратилиши кўриб чиқилганини қўшимча қилган.