18 январда Ички ишлар вазирлигидан «Ихсан» турар-жой қурилиш кооперативига «Товламачилик» модда асосида қўзғалган суриштирув иши давом этаётганини билдиришди.
Маълумотга кўра, 2022 йили кооперативнинг икки масъул ходимига 400дан ортиқ айб қўйилиб, жабрланувчилар 425 миллион сомдан ортиқ зарарга учраган. Масъул ходимларга «Ишониб топширилган мулкни ўзлаштириб олиш ёки сарфлаш» моддаси асосида жиноий иш қўзғалиб, иш Бош прокуратурага юборилган.
Бундан ташқари, турар-жой кооперативининг жанубий ҳудудидаги филиалига қарши 330 факт бўйича жиноят иши қўзғалиб, тергов ишлари олиб борилмоқда. Жабрланувчиларнинг умумий моддий зарари 276 миллион сомдан ортиқ деб баҳоланмоқда.
«Ҳозирда кооператив фаолиятини давом эттирмоқда. Сабаби мазкур кооперативга кўплаб фуқаролар қайд этилиб, турар-жой олгани маълум. Ўша турар-жой олган фуқаролар бугунги кунгача кооперативнинг банк ҳисобига пул маблағларини тўлаб келишмоқда», — деб айтилади билдирувда.
Ўтган йилнинг бошида мазкур кооперативга пул ўтказиб, ололмай қолган икки аёл компания идорасини ёқишга ҳаракат қилган.
«Ихсан» кооперативи
2022 йилнинг март ойидан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида «Ихсан» кооперативининг устидан шикоят аризалари туша бошлаган. Турғунлар мазкур кооперативга пулларини ўтказган, лекин ваъда қилинган мулкни ололмаганидан шикоят қилишган. «Ихсан»нинг аъзолигидан чиққан аҳоли пулларини қайтариб ололмаган.
Ўша вақтдаги маълумот бўйича, келтирилган зарар 121 млн 313 минг 950 сомни ташкил қилади. «Ихсан» кооперативи бу суммани қайтармаган.
Шу сабабли ИИВ кооператив устидан «Товламачилик» ва «Ишониб берилган мулкни ўзлаштириб олиш ёки сарфлаш» моддалари билан жиноий иш қўзғаган. Кооператив етакчиси эса Акинай Бекмурзаева 11 июлда қўлга олинган.
ИИВдан мазкур кооперативда молия пирамидасининг белгилари бор эканини айтишиб, қирғизистонликларга унга қўшилишдан сақланишга чақиришган. Шунингдек, кооперативга ўтказилган пуллар қайтарилмаслиги мумкин эканлигидан огоҳлантиришган.
Бунга қадар мазкур кооперативдан норози бўлган фуқаролар бир неча марта митингга чиқишган. Ваъда қилинган мулкни ололмаган кооператив аъзолари пулларини қайтаришни талаб қилишган. Шунингдек, ҳукуматдан бу ишни назорат қилишни сўрашган.