Ўш шаҳрида 10 январда товламачиликда гумонланиб, қўлга олинган «Қуён» («Коён») лақабли Майрамбек Низамов қайтадан уй қамоғига чиқарилди. У ўтган йили ноябрь ойида ҳам икки жиноятга гумондор қатори ушланиб, 20 декабрда уй қамоғига чиққан эди. Бу ҳақда 12 январда «Клооп»га Ўш шаҳар судидан билдиришди.
Ўш шаҳар милициясининг маълумотига кўра, ўтган йилнинг 30 октябрь куни 29 ёшли гумонланувчи Ўш шаҳрининг Қурманжон датка кўчасида жойлашган ломбардлардан бирига «очилмаган, янги» деб iPhone 14 Pro Max телефон ғилофини олиб келиб, ўрнига 50 000 сом олиб кетган.
Ломбард эгаси эса пулни қайтариш муддати ўтиб кетгани сабабли қутини очганда унинг ичида беш дона болт бўлган. Жабрланувчи Ўш шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилган.
Низамовга «товламачилик» моддаси асосида иш қўзғалиб, 10 январда вақтинча сақлаш жойига киргизилган. 12 январда Ўш шаҳар суди тарафидан эҳтиёт чораси кўрилиб, «жабрланувчи билан ярашгани ва балоғатга етмаган бир қиўи бор эканини» ҳисобга олиб уй қамоғига чиқарилди.
Низамов жорий йилнинг ўзида ҳуқуқ тартибот ходимлари тарафидан бир неча бор қўлга олиниб, судлар тарафидан уй қамоғига чиқарилган. Уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоси 2015 йилдан бери 5 карра судланган.
Ўтган йили 13 январга ўтар кечаси Ўш шаҳрида уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоси ўлдирилиб, марҳумнинг оёқ аъзолари қаттиқ жабрланган 28 ёшдаги шериги — Майрамбек Низамов эса касалхонанинг жонлантириш бўлимига тушган эди.
Кейинчалик, ўша йилнинг ўзида 22 июлда, Низамов Ўш шаҳрининг 22 ёшдаги турғунини пичоқлаб, аммо 29 августда икки томон «ўзаро келишиб олгани» сабабли жиноят иши ёпилган.