Чуй вилоятининг Сўқулуқ туманида «ер мафияси»ни ташкил қилишда гумон қилинган икки шахс ва «Кадастр» давлат муассасасининг уч нафар собиқ ходими қўлга олинди. Бу ҳақда 12 январь куни МХДҚдан билдиришди.
Маълумотларга кўра, «ер мафияси» ва коррупцион схемани ташкил этишда гумонланаётган Ўш вилоятининг Қора-Қулжа туманида яшовчи фуқаро жами 300 гектар ерни бошқа шахсларга расмийлаштириш орқали эгалик қилган. Унинг ўртача нархи 7 миллиард 249 миллион 500 минг сомни ташкил этади.
Тергов давомида давлат ва ҳусусий мулк бўлган участкаларни ноқонуний олиб сотган коррупция схемаси бор экани аниқланди.
Махсус хизмат Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қарашли ер ресурслари хизматининг Сўқулук филиали масъул ходимлари (аввалги «Кадастр»), Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг, шунингдек, давлат ва хусусий нотариуслар ўртасида олдиндан келишиш орқали ер участкаларининг сохта ҳужжатларини бериш билан, кейинчалик ҳусусий турар-жой қуриш учун ноқонуний давлат актлари чиқарилганини билдирди.
Шу билан бирга, МХДҚ мазкур жиноий ишларни уюштирган фуқаро «ер участкаларини сотишни тезлатиш мақсадида махсус одамларга пул тўлаб, 2023 йили вазирлар маҳкамаси биносининг олдида норозилик акцияларини уюштиришда гумонланаётганини» қўшимча қилди.
Ҳозирда текширув ишлари давом этмоқда.
Ўтган йили апрелда президент Садир Жапаров «Ерларни ўзбилармонлик билан ноқонуний эгаллаб олиш фактларининг олдини олиш ҳамда йўл қўймаслик бўйича чоралар ҳақидаги» фармонга қўл қўйган. Унда бир қатор идораларга ерларни ўзбилармонлик билан эгаллаб олишга йўл қўйилмаслиги учун чораларни кўриш топширмаси берилган.
«Кадастр» давлат муассасасининг маълумотга қўра, Қирғизистон бўйича 13 минг гектар ер қишлоқ хўжалиги тоифасига киради, аммо аслида уларга уйлар қурилиб қолган. Бу ер участкаларининг кўпини фуқаролар 2005 йилдан кейин босиб олишган, кейин улар сотилиб, қўлдан-қўлга ўтиб кетган.
Муаллиф: Нурпаяз Абитов