Газпром: 24 июлгача бензин олиб келинади

974

«Газпром нефть Азия» ширкатидан олинган хабарларга кўра, Қирғизистонга юқори октанли ёнилғининг кейинги дафъаси жорий ҳафта охиригача олиб келинади. Айни кунларда кўпчилик ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида Аи-92 ва Аи-98 туридаги бензин умуман йўқ, борларида эса ҳар бир ҳайдовчига 10 литрдан ошиқ бензин сотиш таъқиқланган.

«Газпром нефть Азия» ширкати ходими Ольга Волосатих Kloop.kgга берган интервьюсида Қирғизистонга юқори октанли бензиннинг кейинги дафъаси жорий ҳафта охирига олиб келинишини билдирди.

«Жумъа кунгача катта партияда ёнилғи олиб келиш ниятидамиз», —деди Волосатих.

Айни кунларда кўпчилик ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида Аи-92 ва Аи-98 маркаларидаги бензиннинг сотилиши тўхтатилган. Айни пайтда, заҳирасида мазкур маркадаги бензин қолган ширкатларда ҳар бир ҳайдовчига 10 литрдан кўп бўлмаган чеклов билан бензин сотмоқда.

Волосатихнинг сўзларига кўра, мазкур чекловлар барча ҳайдовчиларни ёнилғи билан таъминлаш учун жорий қилинган.

Унинг айтишича, аксарият автомобиллар учун ишлатилувчи юқори октанли ёнилғига бўлган тақчиллик Россия ҳукуматининг Қирғизистонга ёнилғининг сотилишига таъқиқ қўйгани билан боғлиқ.

«Шымкентнефтеоргсинтез» очиқ ҳиссадорлик жамияти [«ШНОС»] ходими Kloop.kgга берган интервьюсида ширкатнинг шаҳобчаларида «сотув учун умуман ёнилғи йўқ»лигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, юқори октанли ёнилғи фақат ширкатнинг махсус талонига эга бўлган харидорлар учун сотилмоқда.

Мазкур ширкат матбуот хизмати ходими ҳам бензин тақчиллиги Россиянинг ёқилғига қўйган таъқиқларига боғлиқлигини таъкидлади.

«БНК» [«Бишкекская нефтяная компания»] ёпиқ ҳиссадорлик жамияти ходимлари мазкур муаммони шарҳлашдан бош тортдилар.

Нархларнинг юқорилаши

Бир неча кун ичида «ШНОС» ва «БНК» ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида юқори октанли бензин қиймати ўртача уч сомга кўтарилиб, бир литр бензин нархи 41 сомга етди.

Бироқ, «Газпром» шаҳобчаларида эса Аи-92 ва Аи-98 туридаги бензин ўртача бир сомга қимматлаган.

Айни пайтда «Газпром» бензин қуйиш шаҳобчаларида бир литр Аи-92 туридаги бензин бахоси 34,30 сомни ташкил қилмоқда.