Электр энергияси учун 2000 - 3000 сўм қарз ёндирилган уй эгалари учун тушунарсиз

1043

Ўш шаҳрида ўтган йилги қонли воқеалар ортидан бошпанасидан айрилган инсонлар, ўзларига шаҳар электр станциясидан келаётган қарз ҳисобларидан норози. Ўш шаҳар ОҲЖ электр энергиясининг ходимига кўра, бу қарзлар, фойдаланувчиларнинг ёндирилган уйларини қайта тиклаш мобайнида, техник жиҳозлардан фойдаланилганлик ҳисобидандир.

Ўш шаҳар ОҲЖ электр энергия сотиш бўлими бошлиғи Жолдубай ўғли Тилекнинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда Ўш шаҳар аҳолисининг умумий “дебиторлик” қарзи икки юз миллион сўм (200 млн) атрофини ташкил этади.

“Унинг ичида халқнинг қарзи бир юз ўн уч миллион сўмни (113млн). Бизнинг ҳисоб бўйича уйларнинг сони 1270 тани ташкил этса, уларнинг электр энергияга бўлган  қарзи 9млн 400 минг сўм” – деди Жолдубай ўғли Тилек kloop.kg га берган интервьюсида.

Унинг таъкидлашича, ушбу қарзлар бўйича махсус коммиссия тузилиб, ҳозирда иш олиб бораяпти. Комиссия қарздорлар рўйхатини тузиб, уларнинг ҳақиқатан ҳам қарзи борми, ёки йўқлигини аниқлаштирди.

“Бу қарзлар июн воқеаларидан жабр тортган оилаларнинг аввалги қарзлари. Хисоб вароғлари ўз вақтида етказилиб турибди” – дейди Ўш шаҳар ОҲЖ электр энергия сотиш бўлими бошлиғи Жолдубай ўғли Тилек.

Шаҳарнинг Ленин кўчасида  яшовчи қонли воқеа пайтида уйи куйдириб юборилган Зокирова Мавлюда, электр энергиясидан ҳеч қандай қарзи бўлмаганлигини айтади.

“Аввал қарзим йўқ эди, аммо 2500 ёки 3500 минг атрофида қарз ёзиб қўйишибди, негалигини билолмадим. Бўлган воқеалардан кейин электр ҳисоблагичлар ўрнатилди. Хисоб вароғлари келяпти, кучим етганича тўлаяпман” – дейди Зокирова Мавлюда kloop.kg билан суҳбатда.

Электр фойдаланувчиларининг бундай юқори кўрсаткичдаги қарзларини пайдо бўлганлигининг сабабини Ўш шаҳар ОҲЖ электр энергиясининг харидорларга сифатли хизмат кўрсатиш марказининг менеджери Исаков Тумар шундай тушунтирди.

“2000 - 3000 минг сўмдан қарз қилиб қўйганлигимизнинг сабаби, улар уйларини қайта тиклаш мобайнида техник жихозлардан фойдаланишган ёки музлаткичлар ишлатиб қишдан электр энергияси билан чиқишди” – дейди Исаков Тумар.

Унинг сўзларига кўра, айрим инсонлар қиш мавсумида кўмир олиш имкони бўлмай, унинг ўрнига электр энергиясидан фойдаланганлигини тан олиб, ўзлари ҳаққини тўлаб кетишаяпти.

Бундай юқори кўрсаткичдаги қарз қаердан пайдо бўлганлигига хайрон бўлаётган Ленин кўчасида истиқомат қилувчи, пошпанасидан айрилиб, кейинчалик Халқаро ташкилотлар кўмагида уйи қайта тикланган Мирзакулова Холнурахон шундай гапиради:

"Биз воқеалардан кейин уйимизда печкага ўт ёқиб чой қайнатиб юрдик. Кейин менга 2779 сўм “по акту” деб келди. Бу қаердан бўлди билмайман. У пайтларда свет йўқ эди. Олдинги қарзим 9 сўм 4 тийин экан. Электр ҳисоблагич урушдан анча кейин қўйилди, аммо ҳисоб бўйича тўлаяпмиз. Тўламасдан иложи йўқ, нафақамиздан тўлаймиз-да. Хўжайинимнинг оламдан ўтганига 15 кун бўлди, бизга ҳеч қандай кирим йўқ. Давлатдан илтимосим шу қарзимни йўқ қилиб берса” – деди Мирзакулова Холнурахон.

Ушбу муаммони ҳал этиш учун шаҳар мэрияси қошидаги хўжалик ва транспорт боғланиш бошқармаси бошлиғи Романов Урали Ўш ва Жалолобод шаҳарларини қайта тиклаш Давлат бош дирекциясига мурожаат қилганликларини айтади.

“Бизда ҳозир уларнинг [қарздорларнинг] қарзини тўлашга имкон бўлмаяпти. Бўлган воқеалардан жабр кўрганларнинг қарзлари бўйича биз Ўш ва Жалолобод шаҳарларини қайта тиклаш Давлат бош дирекциясига хат билан мурожаат қилганмиз. Ҳозир жавоб кутаяпмиз” – дейди  шаҳар мэриси қошидаги хўжалик ва транспорт муомалар бўлими бошлиғи Романов Урали kloop.kg билан суҳбатда.

Бу масала юзасидан Ўш ва Жалолобод шаҳарларини қайта тиклаш Давлат бош дирекциясига мурожаат қилганимизда, маъсул котиб, бу иш уларнинг ваколатига кирмасликларини айтди.

Ўш шаҳар ОҲЖ электр энергия сотиш бўлими бошлиғи Жолдубай ўғли Тилек, кўплаб тортишувларга сабаб бўлаётган мавжуд муаммони ҳал этиш учун, ҳисобларига қарз қилиб ёзилган инсонлар яқинда очилган “абонентларга сифатли ҳизмат кўрсатиш маркази” мурожаат қилиб, маълумот ола олишликларини айтди.

“Биз бу тушунмовчиликлар бўйича абонентларга сифатли ҳизмат кўрсатиш марказини очдик. Бу ерда бизнинг маҳсус мутаҳассисимиз бор. Марказимиз эрта билан соат 08:00 дан кечки  соат 17:00 гача ишлайди. Шу вақт оралиғида абонентларимиз ўзларининг қизиққан саволларига жавоб ола оладилар” –  деди Жолдубай ўғли Тилек.

Шаҳар яшовчиларининг фикрлари

Ўш шаҳар яшовчиси Эралиев Бақит, электр энергияси давлат мулки ҳисобланишини, унинг ҳаққини албатта тўлаш кераклигини айтади.

“Бу электр энергия давлат мулки бўлгандан кейин албатта тўлаш керак. Энди июн воқеалари бўйича давлат томонидан қандайдир бир ёрдам кўрсатилиши керак. Ҳар бир ахоли ўз қарзларини вақтида тўлашса яхши бўларди” – дейди Эралиев Бақит kloop.kg билан суҳбатда.

Яна бир шаҳар яшовчиси Шерматов Тохиржоннинг фикрича, давлат мулки ҳисобланмиш электр энергияси учун тўланадиган ҳақни асосан камбағаллар тўлайди.

“Улар [июнь ваоқеаларида жабрланганлар] энди тўлай олмайди. Лекин асосий қарз бойларники. Камбағал одам тўлайди. Шу бойларнинг қарзини мэр, губернаторлар ундурмаса ҳеч ким ундура олмайди. Донордар шунча ёрдам берди давлат ҳам ёрдам қилса ҳам бўлаверади” – деди Шерматов Тохиржон.

Мақола муаллифи: Рахматилло Байбабаев