9 январда маҳаллий нашрлар «Альянс» фраксияси аъзоси Эмил Жамғирчиев иши бўйича тузилган депутатлик комиссияси уни жиноий жавобгарликка тортиш учун асос борлигини аниқлагани ҳақида ёзди.
Маълумотларга кўра, комиссиянинг етти нафар аъзоси ёпиқ йиғилишда Жамғирчиевни жавобгарликка тортишга рози бўлган, бир нафари эса эътироз билдирган.
Маълум қилинишича, ўша куни Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари депутатга чақирув қоғози бермоқчи бўлганида, у ўз фракцияси аъзоси Нилуфар Алимжонованинг кабинетига кириб, Жогорку Кенеш биносининг 2-қаватидаги деразадан сакраб тушган.
Депутат Дастан Бекешев эса ҳамкасби Жамғирчиев иши бўйича тузилган депутатлик комиссияси хулосаси бугун, 10 январь куни парламент умумий йиғилишида кўриб чиқилишини тасдиқлади.
Шунингдек, у ҳамкасбининг «деразадан сакраб қочиб кетди» деган маълумотга ишонмаслигини таъкидлаб, бироқ бошқа ҳамкасблари унинг шундай қилгани ҳақида айтганини қўшимча қилди.
Ҳозирча Жогорку Кенешнинг матбуот хизмати депутатлик комиссиясининг хулосаси бўйича расмий маълумот бергани йўқ. Бу масала бўйича депутатнинг ўзига ва МХДҚга алоқага чиқишнинг имкони бўлмади.
Жамғирчиевга алоқадор комиссия 27 декабрда тузилган. Унга депутатлар Данияр Толенов, Элдар Сулаймонов, Бахридин Шабазов, Кубаничбек Самаков, Алишер Эрбаев, Бакит Тентишев, Азамат Исраилов, Султанбай Айжигитов кирган.
Жамғирчиевни жавобга тортишга рухсат беришни бош прокурор Қурманқул Зулушев сўраган. Унинг таклифида депутат «Давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш»да айбланаётгани айтилган. Жамғирчиев айбловни «сиёсий тазйиқ» деб атаган.
Эмил Жамғирчиевга қўзғалган жиноят ишлари
2019 йилда Эмил Жамғирчиевга нисбатан «Лавозимни суиистеъмол қилиш», «Пора олиш» ва «Товламачилик» моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Хитойдан ўрдак гўшти контрабандасида айбланаётган хусусий тадбиркор Эмир Эмилқанов жиноят ишини ёпиш учун ҳукумат аппарати раҳбарининг собиқ ўринбосари Бақтибек Қалмуратов орқали Жамғирчиевга катта миқдорда пора берганини айтган. Иш ёпилмаган, Эмилқанов Жамғирчиев ва Қалмуратовнинг устидан Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига ариза ёзган. Жамғирчиев тадбиркорнинг айтганларини «туҳмат» деб атаган.
2020 йил октябрь ойида Жамғирчиев ва Қалмуратов «Пора олиш»да гумон қилиниб, қўлга олиниб, МХДҚнинг тергов изоляторига киргизилган.
Бироқ 2021 йилнинг февралида Жамғирчиев уй қамоғига чиқарилган. Икки ойдан кейин Қалмуратов ҳам уй қамоғига чиққан.
Кейинроқ Эмилқанов судланувчилар 27 минг доллар товон тўлагани ва уларга қарши даъвоси йўқлигини айтган. Шу билан бирга, Жамғирчиев ҳеч қандай пул тўламаганини таъкидлаган.
Бишкекнинг Биринчи Май туман суди Жамғирчиев ва Қалмуратовни оқлаган. Кейин суд Қалмуратовга қўйилган айбловни «Фирибгарлик»ка ўзгартириб, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги сабабли ишни тўхтатган.
Кейинчалик Жамғирчиев «Альянс» партиясидан парламент сайловларида қатнашиб, 2022 йилнинг мартидан бошлаб Жогорку Кенешнинг VII чақирилишининг депутати бўлган.