Янги байроқнинг эскизи ва параметрлари «Эркин-Тоо» газетасига эълон қилинди

240

«Эркин-Тоо» газетасининг 9 январь кунги сонида Қирғизистоннинг янги байроғи намунаси ва техник хусусиятлари эълон қилинди.   

Байроқнинг спецификацияларида Қирғизистон Республикасининг давлат органлари ва хориждаги расмий ваколатхоналари томонидан кенг фойдаланиш учун расман тасдиқланган аниқ ўлчамлар, ранглари ва бошқа параметрлар кўрсатилган.

 

Аввалроқ депутат Дастан Бекешев президент янги байроқ ҳақидаги қонунни 22 декабрь куни имзолаганига қарамай, янги байроқнинг эскизи «Эркин-Тоо» газетасида чоп этилмаганини билдирган эди.

«Юридик кучи бўйича иловаси қонуннинг ўзига хос кучига тенг. Бошқача айтганда, байроқни эскизининг ўзи йўқ. Шунинг учун ҳамма ўзи истаган байроқни илиб юрган. [...] Албатта, эскиз газетада эълон қилиниши керак, чунки эртага қайси байроқ ҳақида айтилгани деган баҳс бўлади. Орадан ўн йил ўтиб, тортишиб, “Эскизни кўрганмидингиз?” деб сўраса, “Йўқ, йўқотиб қўйдик, архивда йўқ, газетада чоп этилмаган” деб жавоб беришадими?» — деган Бекешев.

8 январда Бишкекдаги Ала-Тоо майдонида Қирғизистоннинг янги байроғи тантанали равишда кўтарилди. Байроқ кўтариш маросимида депутатлар, Давлат котиби Суюнбек Касмамбетов ва Вазирлар маҳкамасининг бошқа вакиллари иштирок этган. Шу билан бирга, 1 январдан 8 январгача – бир ҳафта давомида республиканинг бош майдонида байроқнинг нотўғри варинати илиниб турган. . 

Тадбирда Касмамбетов журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, «Янги йилни байроқ билан кутиб олайлик деган ниятда тўлиқ тасдиқланмаган, тўлиқ текширувдан ўтмаган байроқ илиниб қолганини» тан олган. 

Парламент депутатлари 20 декабрдаги йиғилишда Давлат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини дарҳол иккинчи ва учинчи ўқишда маъқуллаган.

Бунгача Президент Садир Жапаров давлат рамзини ўзгартириш ғояси ўзиники эканлигини тан олиб, парламент спикери Нурлан Шакиевни тегишли қонун лойиҳаси ташаббускориг бўлишга кўндирганини айтган. 

22 декабрь куни эса президент байроқни ўзгартириш тўғрисидаги қонунни имзолаган.