Хонанда Бек Борбиевнинг «Жаратман» подкастида божхонадаги коррупцияга иқрор бўлган дўсти Райимбек Матраимов ҳақида айтган сўзлари жамоатчиликда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Борбиев аввалига Матраимовни «коррупционер эмесман» деб айтгани учун уни қўллаб-қувватлаганини, сўнгра айбига иқрор бўлиб, жарима тўлаганидан сўнг у билан муносабатларига нуқта қўйганини таъкидлади.
«Унгача мен “коррупционер эмасман” деб турса, ҳар куни ёнида юриб, нима қилаётганини кўрмагандан кейин ишонасан эканда. Райимга ўхшаган бойлар божхонада жуда кўп эди. Ўшалардан бири-да деб қўяр эдим. Тан олганданн кейин “қўй энди, коррупционер бўлсанг, энди нима қиламиз” деб айтдим. Ўшандан кейин кўрмай қолдим, шекилли», — деди қўшиқчи.
У Матраимовни 1994 йилдан бери билишини ва ҳамкасб бўлиб юрганини таъкидлади. Шунингдек, у божхонада юрганда ҳам таниш бўлиб, аммо икки бошқа ерда ишлаганини қўшимча қилди.
Борбиевнинг сўзлари ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлиб, фейсбук фойдаланувчиларининг танқидига учраганда қўшиқчи қайта изоҳ билан чиқди.
Унда у «ҳеч қачон Матраимовнинг яқин дўстлари сафига кирмаганини» таъкидлаб, айбини тан олганда ижтимоий тармоқ орқали уни қўллашни тўхтатдим деб тушунтирди.
«Нима, йўқ ундай эмас деб давом эттиравериш керакмиди? Мантиққа умуман зид-ку. Керак бўлса ўзига “менга қийин бўлиб қолди, энди бирор нарса дея олмайдиган бўлдим” деб айтганман. Бу гапимга у “ёлғиз мени эмас бошқа кўпчиликнинг тақдирига боғлиқ бўлгани учун шундай қилдим” деб жавоб бергани эсимда. [...] Лекин, қонун ҳамма нарсадан устун. Ижодкор одамлар холис бўлишимиз керак, тарих кечирмайди. Албатта, ўшандан кейин Райим мендан хафа бўлганини ҳам кўрмадим, тўғри тушунган. Унгача қўллаганимда “эркакча турдинг, қанчалаган ёмон гап эшиттинг, энди қўллашнинг ҳожати йўқ” деб ташаккур айтган», — деди у.
Бек Борбиев ким?
Қўшиқчи Бек Борбиев 2020 йилги парламент сайловларида собиқ божхоначи Райимбек Матраимовга алоқадорлиги айтилувчи «Мекеним Қирғизистон» партиясини қўллаб-қувватлаган. Матраимов — божхонадаги коррупция бўйича айбига иқрор бўлган амалдор.
Борбиев партиянинг съездига қатнашгандан кейин сиёсий уюшманинг номланишидаги «Мекеним Қирғизистон», (“Ватаним Қирғизистон”) номли қўшиқ ёздириб, клим тасвирга олган. Унда қўшиқнинг номи бир неча марта такрорланиб, партиянинг логотипи кўрсатилган. Марказий сайлов комиссияси қўшиқчини сайловолди ташвиқоти бошланишидан аввал ташвиқот олиб боргани учун 7500 сом жаримага тортган.
Октябрь воқеалари сабаб ўлкада ҳукумат алмашгандан кейин Борбиев жамоатчилик томонидан танқид қилинган Конституциянинг янги лойиҳасини халқ олдида қўллай бошлаган. У «бир одам боши билан ҳамма нарсага жавоб беради» деган ғояни қўллаб, лойиҳани ўқимай туриб қўллашини айтган.
2021 йилдаги парламент сайловига у «Ата-Журт Кыргызстан» партияси билан қатнашган. Бу партияни МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев билан алоқадор экани айтиб келинади.
Борбиевнинг айтишича, унга бир қатор партиядан таклиф тушган, аммо партиянинг стратегияси билан унинг келажак учун фикрлари 100% мос келгани учун «Ата-Журт Кыргызстан» партиясини танлаган.
2005 йили Борбиев Давлат божхона хизматининг «Тундук» темир йўл божхонасига тегишли «Бишкек-1» постининг раҳбари хизматида ишлаган. Аммо ўзининг айтишича, у вақтда Матраимов билан таниш бўлмаган, чунки у жанубда ишлар эди.
Журналистлар Али Токтакунов билан Болот Темировнинг «Матраимовнинг божхона империяси» суриштирувида қўшиқчининг ўғли Хан-Бото Борбиевнинг номи тилга олинади — у «Манас» божхонасида тезкор навбатчилик бўлимида нозир бўлиб ишлаган. Унда Борбиев тергов бўйича ўз фикрини билдириб, ўғли «танлов асосида» ишга жойлашганини айтган.