Бу йил «Ижтимоий шартнома» лойиҳасига давлат бюджетидан 2 млрд сом бўлинади

248

2024 йилда «Ижтимоий шартнома» лойиҳаси доирасида давлат бюджетидан 2 миллиард сом ажратилиб, 20 минг оилага 100 минг сомдан берилади. Бу ҳақда Меҳнат, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва миграция вазирлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, сўнгги бир ярим йил ичида мазкур лойиҳада иштирок этиш учун 14 минг 985 та ариза келиб тушган. Улар орасидан 12 минг 800 та камбағал ва кам таъминланган оила лойиҳа орқали ўз фаолиятини ривожлантириш имкониятига эга бўлган.

«Бугунги кунда 13 мингга яқин бизнес-лойиҳа орасидан атиги 17кишигина оғир касаллик ва бошқа форс-мажор ҳолатлари туфайли лойиҳани якунлай олмаган», — дейилади хабарда.

2022-2023 йилларда лойиҳа иштирокчилари қуйидаги йўналишларда иш олиб борган:

  • Қишлоқ хўжалиги, аниқроғи, чорвачилик, ўсимлик ўстириш, асаларичилик, иссиқхоналар, паррандачилик соҳасида – 71%;
  • Ишлаб чиқариш — 16,4 фоиз, шундан 15 фоизи тикувчилик, қолгани — темир-бетон буюмлар ва деразалар ишлаб чиқариш, совун тайёрлаш, қуритилган мевалар ишлаб чиқариш, мебель цехи ва майдалагич;
  • Хизмат кўрсатиш, хусусан, умумий овқатланиш ва такси хизматлари, қурилиш-монтаж ва маиший хизмат кўрсатиш, қандолат маҳсулотлари тайёрлаш, гўзаллик салонлари, автодиагностика марказлари, массаж - 6,4%;
  • Савдо, кичик савдо, дорихона — 6,2%.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, лойиҳа натижасида 2022-2023 йилларда 70 мингдан ортиқ аҳолининг турмуш даражаси ошган.

«Ижтимоий шартнома» лойиҳаси аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига ёрдам кўрсатиш мақсадида 2022 йилдан буён  президент Садир Жапаров ташаббуси билан  амалга оширилмоқда.

Лойиҳа иштирокчиси «Оилага кўмак» ёки болалар нафақасини олишдан бош тортади. Уч ой оралиғида нафақа пули бериш тўхтатилиб, унинг ўрнига 100 минг сом сертификат берилади. Агар пулни олган шахс ундан тегишли мақсадда фойдалана олмаса ва унинг ҳаёти яхшиланмаса, у уч йилдан кейин яна нафақа олиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга.

2023 йил бошидаги маълумотларга кўра, мамлакатимизда 229 мингга яқин оила қашшоқликда яшамоқда.