Ала-Тоо майдонига қайта парламент қабул қилган байроқ илинди

269

8-январда Бишкекнинг Ала-Тоо майдонига илинган байроқ қайтадан алмаштирилиб, бу сафар Жогорку Кенеш қабул қилган байроқ осилди.  

Марказий майдондаги байроқни алмаштириш тадбирига вазирлар маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаров, Жогорку Кенешнинг спикери Нурланбек Шакиев бош бўлган депутатлар ҳамда давлат котиби Суйунбек Касмамбетов қатнашди. 

Сурат: Жогорку Кенеш

Айрим нашрлар майдондаги байроқ янги алмаштирилгандан кейин уни қайта тушириб, байроқ йиртилиб қолган деган баҳона билан қайта алмаштиришганини ёзди. 

1 январда Бишкекнинг Ала-Тоо майдонига янги байроқ осилган эди. Бироқ, бу парламент депутатлари томонидан қабул қилинган байроқ эмаслиги маълум бўлган.

Бу жамиятда норозилик уйғотиб, айрим депутатлар парламент томонидан қабул қилинган байроқнинг барча элементлари сақланиб қолиши зарурлигини таъкидлаган. Айримлар текширув ўтказилиши ва давлат рамзларини бузганлар жазоланиши кераклигини таъкидлашган.

Президент Администратсияси ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбеков эса воқеани парламент кўриб чиқишдан сўнг тегишли тузатишлар киритилиб, байроқнинг якуний намунаси қарор билан тасдиқлангани билан изоҳлаган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари майдонга осилган байроқдаги қуёш нурлари сони 40 эмас, 39 та эканлигини ёзишган. Дастлабки байроқнинг 40 та нури қирғизларнинг 40 уруғини ифодалайди.

Оммавий танқидлар фонида расмийлар тунда майдондаги байроқни тушириб, унинг нурларини санашди.

Президент девонининг раҳбари Қанибек Туманбоев эса бу ҳақда «ёлғон маълумот» тарқатганлар жавобгарликка тортилиши кераклигини айтиб, билан таҳдид қилган. Кўп ўтмай, бир неча киши МХДҚга тергов бериб чиққани маълум бўлган. 

Байроқни ўзгартириш ташаббуси президент Садир Жапаровга тегишли. Қонун лойиҳаси парламент спикери Нурланбек Шакиэв ва депутат Улан Примов томонидан ишлаб чиқилган. Бироқ Қирғизистон фуқароларининг аксарияти бу ташаббусга қарши чиққан.