Ўзган шаҳрининг собиқ мэри ҳеч қаерга кетмаслик тилхати билан озод қилинди

Ўзган туман суди собиқ мэр Дамир Монолдоровнинг эҳтиёт чорасини ўзгартириб, ҳеч қаерга кетмаслик тилхати билан қамоқдан чиқарди. Бу ҳақда «Клооп»га 26 декабрда Ўш вилоят судидан билдирилди. 

Маълумотга кўра, айбланувчи айбини тан олиб, тергов идоралари билан ишлашга розилик берган. Гумондорнинг адвокати унинг қарамоғида балоғатга етмаган бир қизи бор эканини ҳамда соғлиғи ёмонлашаётганини билдириб, илтимос киритган. 

Жиноятда гумонланувчи Дамир Монолдоров. Сурат: МХДҚ

Мазкур ҳолатларни ҳисобга олиб Ўзган туман судининг 22 декабрдаги қарори билан айбланувчининг эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, яшаган еридан бошқа ерга кетмаслик ҳақидаги тилхат асосида озод қилиш ҳукми чиқарилди. 

15 ноябрда Ўзган шаҳрининг мэри Дамир Монолдоровнинг қўлга олингани маълум бўлган. МХДҚнинг фарази бўйича, амалдор «шахсий манфаати йўлида кўзлаган мақсадларига эришиш учун жиноий гуруҳ аъзоларининг имкониятларидан фойдаланиб, ўзига ёқмаган шахсларни қўрқитиб келган».

Монолдоровга «Ҳаётга ва соғлиққа қўрқинчи зўравонлик кўрсатаман деб таҳдид қилиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғалган. 

16 ноябрда Ўш шаҳар суди Монолдоровнинг тергов изоляторидаги муддатини узайтириб, 9 декабргача қамоқда қолдирилганини билдиришган.