Бишкекдаги №3 болалар касалхонасига кунига 900 нафарга яқин бемор мурожаат қилмоқда

293

Бишкекнинг №3 тез ёрдам клиник болалар касалхонасига навбат кутиш бўйича шикоятлар кўпайгани сабабли Соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиев 10 декабрда касалхонага борди. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати билдирди.

Вазир касалхонада болаларга тиббий тез ёрдам кўрсатиш хизматининг сифати билан танишиб, ота-оналар билан суҳбатларни ўтказди.

Болалар касалхонасининг бош шифокори Ақилбек Мамановнинг айтишича, касалхонага кунига 900 нафар бемор мурожааат қилади. Уларнинг 80 фоизи йўлланмасиз келишади.

«Охирги суткада 378 нафар бемор соматик, 79 бемор жарроҳлиқ қабулига, 156 бемор ЛОР қабулига, 269 бемор травмпунктга мурожаат қилган. Уларнинг аксариятига маълумотлар берилиб, уйда даволанишга юборилган», — деб билдирди Маманов.

Бош шифокор дам олиш кунлари оилавий тиббиёт марказлари ишламаётгани сабабли ҳам навбатлар кўпаяётганини айтиб, аммо беморларга тиббий ёрдам ҳамда маълумотлар берилаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, болалар касалхонасига ўткир респиратор вирусли инфекция ва гриппга чалинган болаларни жойлаштириш учун қўшимча 30 ўрин ташкил этилиб, соматик беморларни даволовчи педиатрларнинг, ординаторларнинг сони кўпайтирилгани маълум қилинди.

Аввалроқ Бишкекда ёш болалар ўртасида юқумли касалликлар, грипп ва пневмония ҳолатлари кўпайгани учун кутиш вақтлари кўпайгани ва шифохоналарда жой етишмаслиги ҳақида шикоятлар бўлган эди.