Салимбеков «Дордой»да ижара ҳақи 60 фоизгача арзонлаганини айтди

«Дордой» бозори. Сурат: Тамаш Пацай

«Дордой» ассоциациясига кирган бозорларда ер участкаларининг ижара ҳақи 50-60 фоизгача арзонлади. Бу ҳақда бозорнинг асосчиси Аскар Салимбеков 10-декабрда «Азаттиқ»қа билдирди.

У «Дордой» Вазирлар маҳкамасининг солиқ ислоҳотини қўллашини таъкидлади. Унинг айтишича, янги қоидаларга кўра, ижара ҳақи улгуржи сотувчиларга икки баробар, чакана баҳода савдо қилганларга эса 30 фоиз арзонлайди.

Шунингдек, бозорни реконструкция қилиш ишлари бошланиб, қўшимча овқатланиш жойлари, ҳожатхоналар қурилиб, автобусларнинг янги қатнови ташкил этилиши таъкидланди.

Айни пайтда мамлакатдаги бир қатор бозорларда ижара нархи пасайгани хабар қилинган. «Аламудун» бозори 30-50 фоизга, «ЗимаЛетто»  компанияси 25 фоизга, «Оберон» бозори 20 фоизга қисқаргани маълум қилинган.

Аввалроқ, 6 декабрда МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев «савдогарларнинг ишини енгиллаштириш учун бозорларнинг эгалари ижара ҳақини камида икки баробарга камайтириши керак», деб айтган эди.

Унинг сўзларига кўра, «мамлакатдаги савдо мажмуаларига эга бўлганлар бу ишдан улкан фойда кўрган республикадаги энг бой одамлардир». Шунингдек, у ККМ дан фойдаланишга қарши митинг уюштиришга алоқадорларни топишни топширган.

Бундан олдин президент Садир Жапаров ҳам савдогарларни митингга ундаганлар ҳақида расмийларда тўлиқ маълумот борлигини айтиб, халқни митингга ундашда давом этса, бозорларда ташқи бошқарув йўлга қўйилишини қўшимча қилган.