5 декабрда президент Садир Жапаров «Дордой» бозорига бориб, бир ҳафтадан бери норозилик билдираётган савдогарларнинг талабларини тинглади.
Учрашувга 500 дан ортиқ одам йиғилди. Мамлакат раҳбари савдогарларнинг патент бўйича ишлаш муддати 2024 йилнинг 1 июлигача узайтирилишини айтди. Улар учун патентнинг муддати келаси йилнинг 1 январида тугаши керак эди.
«Икки кун давомида ҳаммасини ўргандим. Мен ҳозир қандай ишлашаётган бўлса июль ойининг охиригача тегманглар, тўхтатиб туринглар дедим. Чунки солиқчиларимизнинг ўзлари ҳам тайёр эмас экан. Мен буни кеча билдим», —деди у.
Жапаров «вазиятдан фойдаланиб, давлат тўнтаришини амалга ошириш ниятида бўлган кучлар бор ва улар ҳақида расмийларда тўлиқ маълумотлар бор» эканини айтди.
«Ортингларда ким туришини биламиз десам, “ҳеч ким турмайди” деб бақиряпсизлар. Сизлар билмайсизлар буни. Сизларни қуроли қатори фойдаланиб юрганлар, бунга қадар уч марта революция қилганлар бугун ҳам шундай қилиш ниятида юрибди. Саноқли кучлар. Сизлар ўзинглар учун чиқмоқдасизлар, тушуняпман», — деди у.
Учрашувга Бишкек шаҳар мэри Айбек Жунушалиэв, Солиқ хизматининг етакчиси Алтинбек Абдувапов ҳамда «Дордой» ассоциациясининг асосчиси Аскар Салимбеков ҳам қатнашди.
Аввалроқ солиқ хизматининг раҳбар ўрибнбосари Исламбек Кидиргичов мамлакатда савдо-сотиқ билан шуғулланган тадбиркорларни текширишга ҳамда жарима солишга ярим йиллик мораторий киргизилганини билдирган.
29 ноябрдан буён мамлакатдаги бир қатор йирик бозорлар ишбилармонлари ККМ ўрнатишга қарши чиқишмоқда. Митингда Бишкек, Ўш, Қоракўл, Талас, Тўқмоқ ва Қора-Балта шаҳарларидан тадбиркорлар иштирок этмоқда.
Савдогарларнинг асосий талаби - мавжуд патент тизимини қолдириб, солиққа тортишнинг янги шартларини, шу жумладан назорат-касса машиналаридан мажбурий фойдаланиш талабини олиб ташлаш.